Гулнар Ақилбекова йилнинг ишбилармон аёли

Нукусда “Ишбилармон аёл – 2020” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
OʻzLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ташкил этилган танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 17 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларининг тақдимотини ўтказди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг иш фаолияти, билим тажрибаси, экспорт-импорт салоҳияти, яратилган иш ўринлар, ҳуқуқий саводхонлиги, партия ва жамоат ишларидаги фаоллиги, ҳозиргидек мураккаб бир вазиятда олиб борган саховат-хайрия ишлари, келгуси режалари танлов мезонига асосан холис баҳоланди.
Танлов якунида Чимбой туманидаги «Ақилбекова Гулнар» фермер хўжалиги раҳбари Г.Ақилбекова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Тахиатош туманидаги «Текстил Дилором» хусусий корхонаси раҳбари Д.Сабирова ва Кегайли тумани «Орзу» фермер хўжалиги раҳбари П.Салиевалар иккинчи, Хўжайли туманидаги «Зулфия-Асаматдин» фермер хўжалиги раҳбари З.Асаматдинова, Шуманай туманидаги «Шуманай-Шаменай» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Юсупбаева, Қонликўл туманидаги «Қонликўлли Тозагул» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Т.Торемуратовалар учинчи ўринларни эгаллади.
–2017 йилнинг февраль ойидан фаолият юритаётган фермер хўжалигимизда қизилмия илдизи етиштирилади, –дейди кўрик-танлов ғолиби Гулнар Ақилбекова. –Бундан ташқари фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида бўш турган аввалги шифохона иморатини 271 миллион сўм инвестиция киритиш ва 17 та янги иш ўрни яратиш шарти билан тендерда ютиб олдим. Ҳозирги кунда икки қаватли иморатнинг биринчи қаватида савдо шохобчалари, овқатланиш ўрни, компьютер хизмати фаолият юритаётган бўлса, иккинчи қаватида хусусий кардиология ва терапия бўлимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги пандемия вақтида аҳоли ўртасида COVID- 19 га тест топшириш ишлари олиб борилмоқда.
Танлов якунида барча иштирокчиларга партия томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА