Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Ташрифдан асосий мақсад аввал берилган вазифалар ижросини кўриш, таҳлил қилиш ва келгуси икки йилда амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишларни белгилаб олишдир.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида улар тўла амалга оширилди.
Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 минг иш ўрни яратиш имконини берди.
Масалан, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен қувурлар ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда.
Қорақалпоқ аҳолиси учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Шуни инобатга олиб, қисқа вақтда 101 километрлик “Қўнғирот – Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бундан ташқари, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминлангани бу борадаги ишларнинг изчил давоми бўлди.
Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди.
Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. Имом Эшон Муҳаммад жомъе масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Бундай ўзгаришлар барча туманларда, қишлоқ ва овулларда рўй берди. Ҳудуд иқтисодиёти ривожланди, аҳоли турмуш даражаси ошди. Энг муҳими, одамлар буни ўз ҳаётларида сезмоқда.
Шу боис Қорақалпоғистон аҳолиси Президентимизнинг бу галги ташрифини ҳам кўтаринкилик билан кутди. Ташриф кун тартиби, танишилган объектлар ва белгиланган чора-тадбирлар шунга яраша аҳамиятли, кенг кўламли бўлмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Чимбой туманидаги 8-мактабгача таълим муассасасидан бошлади.
Ташриф болалар боғчасидан бошланганида катта маъно мужассам. Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқиши ва ҳудудларга ташрифида мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда ва бу борада муҳим вазифалар қўймоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги ана шундай иншоотлар қуриш, уларни замонавий ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги вазирликнинг асосий вазифалари босқичма-босқич барча болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш, ўзаро рақобат қилувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш, амалиётга мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини жорий этишдан иборат.
Мазкур қарор ва фармон ижроси юзасидан бугун Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда 318 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларнинг 3 таси хусусий, 7 таси турли ташкилотлар тасарруфида. Уларда 48 минг 106 нафар, умумий болаларнинг 32 фоизи таълим-тарбия олмоқда.
Давлатимиз раҳбари мазкур боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, уларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.
Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Ёшлар тарбиясига бугун эътибор бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Мактабгача таълим муассасаларини Қорақалпоғистоннинг иқлим шароитидан келиб чиқиб қуриш керак. Ҳар бир хонани иситиладиган пол билан таъминлаш зарур. Бундан ташқари, бу соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш, бунинг учун олий таълим муассасалари қошида махсус курслар ташкил қилиш лозим. Тарбиячилар савияси болалар келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз янги қурилаётган боғчалар лойиҳасини тайёрлашда Жанубий Корея тажрибасини татбиқ қилиш лозимлигини қайд этди.
Бундай иншоотларни эскича руҳдаги лойиҳалар асосида қуриш ўзини оқламаяпти. Болаларнинг ётоқхоналари ва дарсхоналарини кенг ва ёруғ қилиб бунёд қилишимиз, маъмурий хоналарни ихчамлаштиришимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда 50, 100, 150 ўринли мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Янги лойиҳаларда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш каби маълумотлар ўз ифодасини топди.
Педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига жалб этиб, уларни мактабгача таълим муассасаларига ишга қабул қилиш бўйича топшириқ берилди.
Президентимиз Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг Чимбой туманидаги академик лицейига ташриф буюрди.
Шу ерда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш борасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур соҳа истиқболини юқори баҳолаб, бу борада мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак. Масалан, қизилмия бу ҳудуд иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўймаслигимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Чимбой туманидаги «Lanextrakt» қўшма корхонасида қизилмия илдизидан экстракт ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 30 минг тонна қизилмия илдизи қайта ишланиб, 1,3 минг тонна экстракт тайёрланади. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган корхонада 200 иш ўрни яратилган.
Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасида фармацевтика плантацияларини ташкил этиш ва етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва ресурслар салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудда фармацевтика саноатини ривожлантириш йўналишида 2018-2019 йилларда қиймати 27 миллион долларга тенг 17 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида 37 турдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва уларнинг бир қисми экспорт қилинади.
Нукус шаҳридаги «Нукус Мед Тех» МЧЖ томонидан тиббий буюмлар, «Берлин фарм» МЧЖ томонидан онкологик дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тўрткўл туманидаги «Тўрткўл шиша идишлари» МЧЖда фармацевтика шиша идишлари тайёрланади.
Шу каби фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бошқа лойиҳалар ҳам тақдим қилинди. Лойиҳаларда целлюлоза ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумот ҳам ўрин олди. Икки босқичда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа қоғоз ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ўз ичига олади.
Қорақалпоғистон Республикасида бўш турган ва кам қувват билан ишлаётган бино ва майдонлар хатловдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот асосида янги корхоналарни ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, лойиҳаларда кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш бўйича таклифлар ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари Чимбой тумани фаоллари, зиёлилар билан учрашди. Учрашувда бугун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, аҳолини қийнаётган муаммолар, таълим, тиббиёт тизимини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Тахиатош туманига ташриф буюрди.
Бу ерда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича 2017 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Президентимизнинг аввалги ташрифидан сўнг 2 минг 112 лойиҳа амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ушбу лойиҳалар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 11 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Қорақалпоғистон Республикасини 2018-2019 йилларда комлекс ривожлантириш дастури доирасида яна 1 минг 309 лойиҳа режалаштирилган. Уларни амалга оширишга ташаббускор корхоналар ва тижорат банклари маблағлари, хорижий инвестициялар йўналтирилади. Бунинг натижасида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлаш даражаси ошади, 10 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади.
Ҳудуд саноатини янги босқичга кўтариш мақсадида мамлакатимиздаги йирик корхоналар ҳам жалб этилган. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати Тахиатош туманида металл конструкциялар ва ностандарт жиҳозлар, Олмалиқ кон-металлургия комбинати Қораўзак туманида темир-бетон маҳсулотлар ва қум-шағал ишлаб чиқариши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон иқтисодиётини диверсификация қилиш, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тебинбулоқ конини ўзлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда металл маҳсулотлар мавжуд шундай буюмларни эритиш орқали ишлаб чиқарилмоқда. Тебинбулоқ кони темир рудасининг улкан захирасига эга. Ушбу конни ўзлаштириш икки босқичда амалга оширилади. Натижада 2021 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бу борадаги ишларни ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида дирекция ташкил этилди.
Самарасиз фойдаланилаётган объектлар негизида янги корхоналар ташкил этиш лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Қорақалпоғистонда 6 та кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган. Улардаги объектлар 5 йил муддатга кейинчалик мулк ҳуқуқини расмийлаштириш шарти билан бепул берилади. Муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва тиклаш ишлари давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Шу тариқа ушбу зоналарда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шароит яратилади.
Шу ерда “Ўзқурилишматериаллари” ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари томонидан амалга ошириладиган ишлар, Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга қаратилган режалар намойиш этилди.
Президентимиз ушбу режа ва мақсадларнинг Қорақалпоғистон ҳаётидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича топшириқлар берди.
Давлатимиз раҳбари Хўжайли туманидаги барпо этилаётган замонавий логистика марказида бўлди. Мазкур ҳудудда логистика маркази қуриш топшириғи Президентимизнинг жорий йил январь ойида Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган эди.
«Хўжайли агросаноат маркази» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган марказ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
15,3 гектар майдонни эгаллаган мажмуада 2018 йилда 5 минг тонна мева-сабзавотни қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлаш имконияти яратилади. 150 киши иш билан таъминланади.
Шу ерда Қорақалпоғистонда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастурлар тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, 2018-2019 йилларда мева-сабзавот ва гўштни қайта ишлаш, совуткичлар қуришга оид 70 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 2018-2020 йилларда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш дастури доирасида 250 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Натижада 730 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 2018-2020 йилларда балиқчиликни ривожлантириш дастури доирасида 6 лойиҳа бажарилади. Нукус ва Қанликўл туманларида шоли майдонларида балиқ етиштириш технологияси татбиқ этилади.
Президентимизга 2018 йили Қорақалпоғистонда томорқалардан самарали фойдаланиш дастури лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар аҳамиятига тўхталиб, уларни янада такомиллаштириш ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида мелиорация ва ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишди.
2013-2017 йилларда Оролбўйи минтақасида бюджет ва марказлашган капитал маблағлар ҳисобидан 248 миллиард сўмлик ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилиб, 140 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 231 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
Президентимизнинг жорий йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ушбу қарорга мувофиқ, келгуси икки йилда қарийб 140 километр каналлар ҳамда 63 гидротехник иншоот реконструкция қилиниб, 60 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. 246 километрдан ортиқ коллекторларни қуриш-реконструкция қилиш, 3 минг 735 километр узунликдаги коллекторларни таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади. Натижада 89 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосилдорликни оширишга эришилади.
Тўрткўл туманида барпо этилиши режалаштирилаётган Шўрбулоқ сув омбори Амударёнинг қуйи оқимида сув тақчил йилларда сув таъминотини яхшилаш, ҳудудда балиқчилик, чорвачилик, боғдорчиликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
Маълумки, Орол денгизи сатҳи пасайиб, қирғоқдан 180-200 километр узоқлашиб кетгани Амударёнинг қуйи оқимига кириб келувчи сувлар юқори нишабликдан тушиши ва Мўйноқ туманидаги Дарё оралиғи сув омбори яқинида жарликлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Бу Мўйноқ сув омбори, Рибачье, Мақпалкўл, Закиркўл кўлларига сув етиб бормаслиги, ҳудуддаги балиқ ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш хавфини туғдирмоқда.
Ушбу хавфнинг олдини олиш мақсадида 2013-2017 йилларда шимолий ва шарқий дамбаларни реконструкция қилиш ҳамда сув ўтказиш қобилиятини тиклаш ишлари бажарилди. Навбатдаги босқичда Майпост кўли бўйлаб тўғон йўлини тиклаш ва кўлдан Амударёнинг эски ўзанига сув ўтказиш имконини берадиган гидротехник иншоот қуриш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбарига жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Лойиҳа асосида амалга оширилаётган ишлар туфайли Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларида 100 минг гектарга яқин майдон сув билан таъминланиб, йилига 269 миллион кубометр сув тежалади. 23 насос станцияси, Сув истеъмолчилари уюшмаси ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 450 дан ортиқ насос агрегатлари тўхтатилиши ҳар йили 52 миллион киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконини беради.
Президентимиз ирригация соҳасидаги лойиҳаларни сифатли бажариш ва минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда шу кунгача бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга ошириладиган устувор йўналишлар ва долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Мамлакатимизнинг тегишли вазирликлари, шунингдек, компания ва банклар раҳбарларини мунтазам равишда ҳудудларга юбориб, жойлардаги қўшимча резервларни излаб топиш, аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича тадбирлар изчил давом эттирилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Қорақалпоғистонга бугунги сафардан олдин икки ҳафта мобайнида ишлар худди шу тартибда ташкил этилди ва қўшимча инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган янги дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу дастурга мувофиқ, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўм бўлган 1 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 10 минг иш ўрни яратилади. Жумладан, саноат тармоқларида қиймати 492 миллион долларга тенг бўлган 232 инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда ёқилғи-энергетика ва кон-металлургия соҳасида умумий қиймати 3,4 миллиард доллардан ортиқ 5 та йирик лойиҳани жорий этиш режалаштирилмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.