Ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун янги дарсликлар нашр этилади

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги мамлакатимиздаги адабиётшунос олимларни жалб қилган ҳолда ижод мактаблари учун янги дарсликлар яратиш устида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги тегишли қарорига кўра, ижод мактабларининг 7-11-синфлари учун ихтисослик фанларига ҳафтасига қўшимча 20 соат (ҳар бир синфга 5 соатдан) ажратиш режалаштирилган.
Мазкур қарор ижод мактаблари ўқувчилари она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат таълим стандартларида белгиланган билимдан ташқари нотиқлик санъати ва адабиёт сирларини чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга қаратилган.
7-11 синфлар учун тайёрланаётган ихтисослик адабиёти дарслигида халқ оғзаки ижоди, адабий жараён, адабиёт қоидалари, публицистика, матншунослик, драматургия фанларининг элементлари ўқувчиларнинг ёш хусусиятига мос равишда сингдирилмоқда. Шунингдек, ихтисослик адабиёти дарслиги мазмунан умумий ўрта таълимнинг адабиёт фани ва олий таълимнинг адабиёт йўналиши фанлари билан узвийлиги таъминланмоқда.
Шу билан бир қаторда, мутахассислар томонидан нотиқлик санъати ва нутқ маданияти фани бўйича ижод мактаблари ўқувчилари учун 7-11 синфларга мўлжалланган алоҳида дарслик тайёрланмоқда.
Ушбу дарсликларни тайёрлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Янгидан тайёрланган дарсликлар университетнинг илмий-методик кенгашида муҳокамадан ўтказилиши кўзда тутилган.
Тайёрланган ўқув дастури ва дарсликлар 2020/2021 ўқув йилида ижод мактабларида тажриба синовдан ўтказилади. Ўқув йили якунида аниқланган камчиликлар ва келиб тушган таклифлар асосида дарсликларни такомиллаштириш ва қайта чоп этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ижод мактабларида чет тилларини ўқитишни замонавий методлар асосида ташкил этиш мақсадида инглиз, немис ва француз тили фанлари бўйича илғор хорижий мамлакатларнинг эътироф этилган дарсликларини харид қилиш бўйича хорижий нашриётлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимида тўққизта ижод мактаби фаолият юритмоқда.

 

ЎзА