Туркманистонда сешанбадан бошлаб юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида қатор янги чекловлар жорий қилинмоқда, деб хабар тарқатди Туркманистоннинг Ориент янгиликлар сайти.
21 июлдан 1 августгача тозалик тадбирларини ўтказиш учун йирик бозор ва савдо марказлари фаолиятини тўхтатади. Шу билан бирга, ушбу савдо марказларидаги озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж маҳсулотлари бўлимлари ишлайверади.
Ўн кун давомида хизмат кўрсатиш муассасалари, жумладан кинотеатрлар, театрлар, парклар, аттракционлар, музейлар, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, ҳаммомлар, кимёвий ва тикув ательелари ишламайди. Спорт объектлари ҳамда қисқа муддатли пуллик курслар ҳам вақтинча фаолиятини тўхтатиб туради.
Сешанбадан то ойнинг охиригача ошхоналар, ресторанлар, кафе-барлар ва чойхоналар ҳам эшикларини ёпади. Умумий овқатланиш корхоналари аҳолига етказиб бериш хизматини йўлга қўяди.
Вазирликлар, идоралар, шунингдек, муассасалар ва корхоналарга мулкчилик шаклидан қатъий назар ишчиларини босқичма-босқич меҳнат таътилига чиқариш тавсия қилинди.
ЎзА