COVID-19 пайдо бўлганига ҳам ярим йилдан ошди. Бу вақтда олимлар пандемиянинг олдини олиш ёки уни бартараф қилиш бўйича ҳали узул-кесил натижага эришмади, бироқ изланишлар бир зум тўхтагани йўқ. Қолаверса, ўтган олти ой касалликнинг келиб чиқиши борасида турли фаразлар, эҳтимолларни ҳам таҳлил қилиб кўриш учун етарли муддат бўлди. Шу боис, дунё олимлари пандемиянинг пайдо бўлиши бўйича турли фикрларни илгари сурмоқда.
Уйқуда бўлган вирус
Масалан, Оксфорддаги исботланган тиббиёт маркази катта илмий ходими (Centre for Evidence-based Medicine, CEBM) Том Жефферсон кутилмаганда шундай хулосага келди. Унинг таъкидлашича, SARS-CoV-2 коронавирус ўтган қишда Уханда пайдо булгунга қадар уйқу ҳолатида бўлган, у табиий омиллар бир-бирига тўғри келиши натижасида юзага чиққан.
Бутун дунёдан олинган маълумотларга таянган ҳолда, олим шуни ишонч билан таъкидламоқдаки, вирус турли мамлакатларда турли вақтда уйқуда бўлган. Масалан, COVID-19 Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлишидан 9 ой аввал коронавирус изи Барселонада оқар сувда топилган. Ўтган йили декабрь ойида Турин ва Миланда олинган намуналар худди шундай натижаларни берган.
«Ўйлашимча, вирус аввалдан шу ерда бўлган. «Шу ерда», деганда мен “ҳамма ерни” назарда тутяпман. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, биз уйқудаги вирусга дуч келган бўлишимиз мумкин. У атроф-муҳит шароитига қараб фаоллашган», – деб ёзади The Daily Telegraph газетаси олимнинг гапини келтириб.
У ушбу фикрларига Жанубий Георгиядан Буэнос-Айресга қараб сузган саёҳат кемасини мисол қилиб келтиради.
«Кема Уэдделла денгизидан ўтаётганда, яъни саёҳатнинг саккизинчи куни коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳодиса қайд этилди. Вирус тайёр озиқ-овқатда бўлганми ва у музлаткичдан чиқарилгач, овқат эригандан кейин фаоллашганми?» – деб савол беради олим.
Жефферсон худди шунга ўхшаш воқеа сифатида ўтган асрнинг бошида тарқалган “испанка” пандемиясини келтиради. 1918 йилдан 1920 йилгача мазкур грипп билан сайёрамиз аҳолисининг учдан бири оғриган. У тахминан 100 миллион кишининг ёстиғини қуритган. Олим ушбу воқеаларни таҳлил қилар экан, Ғарбий Самоа аҳолисининг қарийб 30 фоизи “испанка”дан нобуд бўлганига эътибор қаратади. Чунки орол аҳолиси ўшанда ташқи дунё билан умуман алоқада бўлмаган.
Мутахассиснинг фикрича, бунга фақат шундай изоҳ бериш мумкин: вирус ҳеч қаердан келмайди ва ҳеч қаерга кетмайди ҳам.
«Улар ҳар доим шу ерда бўлган ва баъзан нимадир уларни фаоллаштириб юборади. Эҳтимол, дунё аҳолисининг зичлашиб бораётгани ёки экологик вазият, яъни иқлим ўзгариши бунга сабаб бўлаётгандир. Биз айнан шуни ўрганишимиз лозим», – дея таъкидлайди Жефферсон.
Олимнинг фикрича, вирус нафақат одамдан одамга ҳаво томчилари орқали, балки оқар сувлардан ҳам юқиши мумкин.
Яна бир омил маълум бўлди
Яқинда, дунёнинг 32 мамлакатидан қарийб 240 нафар олим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мактуб йўллаган. Унда инфекция тарқалиш омили сифатида коронавируснинг жуда майда заррачалари ҳаво орқали юқиши мумкинлигини тан олиш сўралган, деб ёзади The New York Times.
ЖССТ шу вақтгача вирус аксарият ҳолларда касал одам йўталганда, аксирганда ёки гаплашганда нафас олиш йўлларидан ажралиб чиқувчи йирик томчилар орқали юқишини таъкидлаб келарди.
Олимларнинг таъкидлашича, фактлар шуни тасдиқламоқдаки, вирус хона ҳавосида туриб қолган майда зарралар орқали ҳам юқиши мумкин экан.
239 нафар олимнинг ЖССТга тавсия сифатида ёзган ушбу мактуби яқин кунларда илмий журналларда эълон қилинади, дейилмоқда хабарда.
ЖССТ мутахассислари эса, ҳозирча коронавируснинг ҳаво орқали юқиши бўйича далиллар унчалик ишончли эмас, деган фикрда.
«Сўнгги икки ой ичида биз коронавируснинг ҳаво-томчилар оқали юқиши эҳтимоли борлигини, лекин ишончли далиллар билан исботланмаганини айтиб келмоқдамиз. Ушбу масала бўйича кескин баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда», – дейди ЖССТнинг инфекциялар назорати бўйича техник раҳбари Бенедетта Аллегранци.
Муаллифларнинг таъкидлашича, агар инфекциянинг ҳаво-томчи орқали юқиши пандемиянинг тарқалишида муҳим омиллардан бири экани ҳақиқат бўлса, у ҳолда коронавирусга чалинмаслик учун қатор янги чоралар қўллаш лозим бўлади. Жумладан, шифокорлар хоналарда ҳатто ижтимоий масофа сақланган шароитда ҳам майда зарраларни фильтрлайдиган ниқоб тақиб юришига тўғри келади. Бундан ташқари, жамоат жойларда ҳавони тозалайдиган тизим бўлиши лозим, шунингдек, вирус зарраларини ўлдирадиган ультрафиолетли чироқлар ўрнатилиши керак.
Организмнинг генетик тузилиши кўп нарсани ҳал этади
Белгород давлат миллий тадқиқот университети профессори, инсоннинг молекуляр генетикаси лабораторияси раҳбари Михаил Чурносовнинг ТАСС агентлигига маълум қилишича, коронавирусга чалиниш хавфи ва касалланиш туфайли аҳволнинг ёмонлашуви ҳар бир инсоннинг индивидуал генетик тузилишига боғлиқ.
Профессорнинг таъкидлашича, инсон чалинадиган касалликларнинг қарийб 90 фоизи оз ёки кўп даражада унинг генетик табиатига боғлиқ бўлади. Коронавирус инсон организмига тушдими, у касаллик келтириб чиқариши тайин, лекин айрим одамлар генетик омиллар туфайли касалликка кўпроқ мойилроқ бўлади.
Унинг қўшимча қилишича, бунда ферментлар фаолияти муҳим рол ўйнайди, масалан, ферментни ангиотензинга айлантирувчи омил. У туфайли организмда сув-туз мувозанати ва қон босимидаги меъёр ушлаб турилади. Бундан ферментларнинг излари инсон организмининг барча тўқималарида, жумладан, қонда ҳам мавжуд бўлади. Қолаверса, беморнинг турли хасталиклар – семириш, қандли диабет ва бошқа сурункали касалликларга чалингани ҳам касалликнинг оғир ёки енгил кечишини белгилайди.
Муаммо фақат ўпкадами?
Яқинда француз олимлари коронавируснинг ўпкадан ташқари, буйракка ҳам катта зарари борлигини аниқлади. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, коронавирус туфайли ички органлар зарарлашининг 80 фоизи буйракка тўғри келаркан.
Швед олимлари нима дейди?
Куни кеча швед олимлари коронавирусга қарши жамоавий иммунитет даражаси аввал аниқлангандан ҳам икки баробар юқори бўлиши мумкинлигини қайд этди. Бундан ташқари, у касалликка қарши кучли иммунитетга эга одамларда шаклланиши мумкин.
Стокгольмдаги Каролина институти тадқиқотчилари 200 дан зиёд мижоздан иммунологик таҳлил намуналари олганда, уларнинг кўпчиллигида касаллик ёки енгил формада ёки умуман симптомларсиз кечаётгани маълум бўлди.
Маълумки, Швеция Европа мамлакатлари орасида жиддий карантин чораларини жорий қилмаган ягона мамлакат бўлди. Чунки швецияликлар инсон организмида вирусга қарши иммунитет ривожланиши мумкинлигини ҳисобдан чиқаришмаяпти.
Вакцина қачон чиқади?
The Washington Post газетаси ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг сўзларига асосланиб ёзишича, ҳозир дунё бўйича 141 та вакцина устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ҳатто, айрим олимлар саноқли ойлардан кейин ўз муваффақиятларини эълон қилиши мумкин.
ЖССТ бош директорининг таъкидлашича, тармоқларда вирус пайдо бўлгани ҳақдаги илк маълумот тарқалгач вакцина ишлаб чиқишга киришилган эди. «Ҳозир 141 та вакцина ишлаб чиқилмоқда. Бу борадаги илғорларга муваффақиятини эълон қилиши учун атиги бир неча ой қолди. Албатта, тўлиқ ҳимояга кафолат йўқ, лекин биз умид қиламиз», – деган ЖССТ раҳбари.
Хотиржам бўлишга ҳали эрта
Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 11 миллион кишидан ошиб кетди. Ҳисоб-китобларга қараганда, барча касалланганларнинг қарийб 60 фоизи июнь ойига тўғри келган. Лекин бу июнь ойи инфекция тарқалишининг энг юқори чўққиси бўлди, энди пандемия чекинади, дегани эмас. Зеро, сўнгги ҳафтада ҳар куни 160 мингдан зиёд киши коронавирусга чалинаётгани одамларнинг янада кўпроқ хавотирига сабаб бўлмоқда. Бу ҳар бир инсонни яна бир бор хушёрликка чақириши шубҳасиз.
Шу боис ЖССТ раҳбари пандемияга қарши курашда комплекс ёндашув зарурлигини бот-бот таъкидлаётганида жон бор. “Кўп мамлакатларда коронавирусни жиловлашга муваффақ бўлингани билан (бу ерда Италия ва Испания назарда тутилмоқда), бироқ чеклов чоралари юмшатилса вазият яна қайтадан ёмонлашиши мумкин”, дейди ташкилот раҳбари.
Комплекс ёндошув деганда у шубҳали ҳолатларни аниқлаш, тест ўтказиш, инфекцияга чалинганларни бошқалардан ажратиб қўйиш, улар мулоқот қилган одамларни назоратга олиш ва ижтимоий масофага қатъий амал қилишни назарда тутган. Бундан ташқари, шифокорларни беморлар билан ишлашга ўргатиш ва аҳолининг СOVID-19 бўйича билимини ошириш ҳам ўта муҳим масала эканини алоҳида таъкидлаган.
Нима бўлганда ҳам, коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши, унинг олдини олиш ёки самарали даволаш бўйича дунё олимлари тадқиқотларни асло сусайтиргани йўқ. Бу изланишлар яқин ойларда ўз натижасини беришига умид қиламиз. Зеро, мақсад бир мамлакат ёки минтақа аҳолиси эмас, балки башарият тақдири ҳақида бораётир.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА