Ғарбий Европа мамлакатларида бир неча кундан буён давом этаётган қор ва кучли шамол транспорт ҳаракати, электр таъминотида турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Таълим муассасаларининг ёпилиши, айрим жойларда юзлаб километрли автотранспорт тирбандликлари вужудга келишига сабаб бўляпти.
Об-ҳаво ноқулайликлари оқибатида 11 декабрь куни Нидерландиянинг Амстердам-Сшифол аэропортида 400 дан ортиқ самолёт қатновлари (жами қатновларнинг учдан бири) бекор қилинган. Мамлакатнинг иккинчи йирик аэропорти Эйндҳовен эса куннинг иккинчи ярмида бутунлай ёпиб қўйилган. Сшифол аэропорти матбуот котиби Пол Вебернинг маълум қилишича, кейинги кунларда қор эриши кутилса-да, самолётлар учишида кечикишлар юзага келиши мумкин.
Шунингдек, Белгиянинг Бруссел аэропортида 300 га яқин рейслар бекор қилиниб, юзлаб қатновлар кечиктирилган. Аэропорт маъмурияти йўловчиларга янги тартиб ўрнатилмагунча аэропортга келмасликни тавсия қилмоқда.
Францийанинг шимолий ва ғарбий ҳудудлари ҳам бундай об-ҳаво шароитидан азият чекмоқда. 50 мингдан ортиқ оила электр таъминотидан узилиб қолган. Эйфел минораси ва Нитса аэропорти ҳам вақтинчалик ёпилган.
Бундай об-ҳаво Буюк Британия ва Испанияда юзлаб мактаблар ёпилишига, электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлди.