Матбуотимизнинг яна бир қусури борки, унга бироз бўлса-да, тўхталмасликнинг иложи йўқ.
Собиқ тузум мафкураси кишанларидан озод бўлганимизга чорак асрдан кўп вақт бўлди, Аммо бизнинг қайси мавзуни қачон ва қандай ёзишимиз асосан эскича сақланиб қолмоқда: аёллар, оналар, Наврўз тўғрисида март ойида, ватанпарварлик хусусида январда, болалар ҳақида июнда, Конституция мавзусида декабрда, ўқитувчи ва мураббийлар хусусида октябрда ёзамиз. Шу ойда тил муаммоларига бағишланган бир-иккита мақола чиқади.
Бошқа пайтлари бошқа мавзулар билан банд бўламиз. Қизиқ: оналар ҳақида ёзда, кузда ёзиш мумкин эмасми? Ҳаётимизнинг асосий қонуни бўлмиш Конституцияни ўрганишга доир мақолалар газета-журналларда фақат қишда эмас, мунтазам чиқиб турса, бунинг нимаси ёмон? Бу саволни қўяётганимнинг боиси шуки, матбуотмиз ҳали-ҳануз эски, ҳамма жойда рад этилган, ташлаб юборилган кераксиз қолиплардан халос бўлгани йўқ. Танқид ва таҳлил кам. Баландпарвозлик, мадҳиябозлик, ўринсиз мақтов кўп. Оч қорним — тинч қулоғим. Аҳвол шу даражадаки, етакчи нашрларимизнинг журъати, қатъияти ва изланувчанлиги, муаллифларнинг танқидий мақолаларига муносабати республикамиз вилоятларида чоп этилаётган баъзи газеталар журъатидан ҳам паст. Аксинча бўлиш керак эмасми? Дастурхонга аввало оқсоқоллар қўл узатганидек, оқсоқол газеталар вилоят, шаҳар ва туман матбуотига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишлари, журъатли мақолалар туркумини устоз сифатида бошлаб беришлари лозим. Буни тушунадиган, журъатсизликдан воз кечадиган пайт келди.