Олма-Ота ҳукумати; шаҳар марказидаги митинг ноқонуний уюштирилган

Бугун эрталабдан Олма-Ота марказида бошланган норозилик намойишлари бу ҳақда хабардор этилмаганлиги сабабли, ноқонуний ҳисобланади, дея маълум қилинган шаҳар маъмуриятидан.
Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва яна бир йирик Олма-Ота шаҳарларида норозилик акциялари давом этмоқда. Қозоғистонда экстремистик сифатида тан олинган «Қозоғистоннинг демократик танлови» (ҚДТ) ҳаракати етакчиси, айни пайт Францияда истиқомат қилаётган Мухтор Аблязов ижтимоий тармоқлар орқали ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга ундаб мурожаат қилган. Шунингдек, Демократик партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳ раҳбари Жанболат Мамай ҳам ўз тарафдорларини мамлакатнинг бир неча шаҳарларида тинч намойиш ўтказишга чақирган. Аблязов ва Мамай Олма-Отада намойиш ўтказиш учун бир жойни – Абай Қўнонбоевга ёдгорлик ўрнатилган майдонни танлашган.
«Олма-Ота Ижтимоий ривожланиш бошқармаси масъуллари ҳозиргача акимат (мерия)га тинч намойиш ёки йиғин ўтказилиши тўғрисидаги маълумот билан мурожаат қилинмаган. Шу сабабли, фақат ижтимоий тармоқлар орқали даъват этилаётган митинг қонуний ҳисобланмайди», – дейилган тарқатилган хабарда.
Маъмуриятдан айтишларича, шанба куни кучга кирган тинч йиғинларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонун бундай тадбирларни ўтказиш учун камида 5 кун олдин шаҳар акимат (мерия)и хабардор қилиниши шартлигини тақозо этади. «Қонунчиликка мувофиқ, хабардор қилиш тўғрисида Олма-Ота акимат (мерия)ига мурожаат этилмаган. Қонун талабларига кўра, тинч намойишларни ўтказишга фақат махсус жойлардагина рухсат берилади. Шу муносабат билан эслатиб ўтамиз, бундай митингларни уюштириш ва уларда қатнашиш учун қонунчиликка мувофиқ, маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган», – дейилади маъмурият баёнотида.
Жума куни Олма-Ота шаҳри Бош санитар шифокори Жандарбек Бекшин коронавирус туфайли оммавий тадбирлар ва митингларга даъват этишга йўл қўйилмаслиги кераклигини билдирганди. Унинг таъкидлашича, «давом этаётган эпидемия шароитида шаҳарда кишилар ҳаёти ва саломатлигини хавф остида қолдириш ўта масъулиятсизлик»дир. Бекшин «агарда бундай йиғинлар касаллик тарқалишига олиб келадиган бўлса, митинг ташкилотчиларига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган тартибда жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жазо чоралари қўлланиши мумкин»лиги ҳақида огоҳлантирди.
Худди шундай огоҳлантирувчи чиқиш билан кеча Нур-Султон шаҳри Бош санитар шифокори Жанна Пралиева ҳам пойтахт аҳолисига мурожаат қилди. У «пандемия, карантин даврида турли митинг ва йиғинлар ўтказиш жуда хавфли экани, чунки бундай ҳолатларда зарарланиш эҳтимоли ўн баравар ортиб кетиши»ни қайд этган. Пралиеванинг фикрича, «митингга чиққанларни деб бутун шаҳар вирус юқтириши мумкин, чунки намойиш иштирокчилари шаҳарнинг турли туманларида яшайдилар ва улар инфекцияни барча ҳудудлар бўйлаб тарқатиб юборишлари ҳеч гап эмас».
Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда коронавирус инфекциясига учрагани аниқланган фуқаролар сони 12,5 мингдан ошиб кетди. Ҳозиргача 6,9 мингдан зиёд бемор тузалган бўлса, 52 киши ҳаётдан кўз юмган.

 

ЎзА