Барча ислоҳотларимиз – инсон омили, бахти, саломатлиги ва фаровонлигига қаратилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 5 июнь куни Фарғона вилоятига келди.

Бутун дунёни пандемия жиддий хавотирга солган бўлса-да, ҳаёт давом этмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам жорий йилда барча соҳаларда кўзланган мақсадларга эришиш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Пировард мақсад эса одамларни бугунги ҳаётидан рози қилиш, ислоҳотларнинг самарасини ҳис этишдир.

Бу борада вилоятда 2019-2022 йилларда умумий қиймати 26,5 триллион сўм бўлган 688 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 544 та лойиҳада 7,6 триллион сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунга қадар 571 та лойиҳада 6,8 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 11 мингта янги иш ўрни ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Қўштепа туманидаги «Турсунов Юсуфжон ери» фермер хўжалигида бўлди. Бу ерда 50 гектар ғалла, 30 гектар пахта етиштирилмоқда. Президентимиз ғалла ривожини кўздан кечирди. Гектаридан 82 центнер ҳосил олиш кутилмоқда.

Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва қўштепалик фермерлар билан мулоқот бўлди.

– Ҳар бир ҳудуднинг ери, ресурслари, имкониятлари ўзига хос. Бугун Фарғонага келишимиздан мақсад – бу имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, одамларга иш ўрни, даромад манбаи учун шароит яратиш, ҳар бир туман бўйича аниқ режа шакллантириш. Қандай меҳнат қилсак, шундай ҳаёт бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хўжалик даласи ёнида «Grapes and Gardens Investment» компанияси томонидан интенсив боғ ҳам яратилган. 100 гектарда ўрик, 52 гектарда гилос экилган. Томчилатиб суғориш, сунъий соя қилиш ускуналари ўрнатилган.

Испания ва Франциядан келтирилган ўрик навининг ҳосилдорлиги жуда юқори. Бу экспортда муҳим омил бўлади. Бугунги кунда боғ участкалари кооперация асосида тажрибали тадбиркорларга берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари дарахт қаторлари орасига саримсоқпиёз ва дуккакли экинлар экиш, бундай боғларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда қишлоқ хўжалиги ва агросаноат лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, ўрмон хўжаликлари ва “Меҳригиё” корхонаси ҳамкорлигида доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш, томорқачиликни ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш каби лойиҳалар тақдим этилди.

Бугунги кунда юртимиз табиатида учрайдиган шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ва препаратлар ишлаб чиқариш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. “Меҳригиё” корхонаси доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида 130 га яқин шифобахш чой, шарбат ва асалли маҳсулотларни тайёрлайди.

Азалдан инсон саломатлигини мустаҳкамлашда доривор ўсимликлардан кенг фойдаланилган. Бу замонавий тиббиётда ҳам ўз исботини топганки, пировардида фитотерапия йил сайин тараққий этиб бораётир. Корхонада нафақат юртимиз табиатида учрайдиган, балки хориждан келтирилган наботот намуналарини парваришлаш ҳам йўлга қўйилган.

Президентимиз экологик тоза дори-дармонлар турини кўпайтиришда илмий-тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликни кенгайтириш лозимлигини қайд этди.

Сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар дунёда йилдан-йилга долзарб бўлиб бормоқда. Шунинг учун Фарғонада сувдан оқилона фойдаланиш, бу борада тежамкор технологияларни жорий этишга 50 миллион доллар ажратиладиган бўлди.

Мамлакатимизда асосий даромад манбаларидан бўлган аҳоли хонадонларидаги томорқадан самарали фойдаланиш бўйича махсус тизим яратилган. Президентимиз бу тизим имкониятларидан фойдаланилмаётгани, “Томорқа хизмати” иши сезилмаётганини кескин танқид қилди.

Шундан сўнг Президентимиз Тошлоқ туманидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси иш жараёни билан танишди.

Фарғона вилоятидаги мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Қувасой шаҳри, Олтиариқ, Бешариқ, Фарғона, Қува ва Учкўприк туманларида 20 та кластер фаолият юритмоқда. 2020-2021 йиллар давомида мазкур кластерлар томонидан умумий қиймати 253,4 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда озиқ-овқат экинлари майдонини кенгайтириш, янги боғлар, айниқса, интенсив боғлар барпо этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки серқуёш юртимизда етиштирилаётган экологик тоза, сархил мева-сабзавотлар хорижда ҳам харидоргир бўлиб, юқори нуфузли брендга – товар белгисига айланмоқда. Бу борада мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил қилиниб, соҳада кўп йиллик тажрибага эга, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаси бор тадбиркорларни бунга жалб қилингани яхши самара бермоқда.

Фарғонада боғдорчилик бўйича катта тажриба мактаби бор. Бу ерда етиштирилаётган ўрик, шафтоли, олхўри, нок, гилос, анжир, анор, беҳи, узум, помидор, бодринг, пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа кўплаб мева-сабзавотлар бугун кўплаб давлатларга экспорт қилиняпти. Жорий йилда мева-сабзавотчилик корхоналари томонидан 288 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, 120 минг тоннасини экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бунинг учун сиғими 330 минг тоннадан ортиқ бўлган музлаткичли омборхоналар, 25 та логистика маркази, 90 та қайта ишловчи корхона фаолият кўрсатмоқда.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси йилига 16 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш қувватига эга. Бу ерда 100 миллиард сўм эвазига замонавий логистика маркази ташкил этилган. Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан илғор технологиялар келтириб ўрнатилган.

Масалан, Италиянинг ICEOL технологияси гилосни ранги ва катталиги бўйича саралаб, қадоқлайди. Сифатсизларини лазер нури орқали аниқлаб, алоҳида жойлайди. Жанубий Кореядан келтирилган SNP линияси анорни худди шундай саралайди. Меванинг ичидаги пишмаган ёки чирий бошлаган жойни ҳам аниқ кўрсатади. Бу харидорлар ишончини қозониб, экспортни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Корхона маҳсулотлари “Global G.A.P.” халқаро сертификатига эга.

Жорий йилда Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Россия, Қозоғистон каби давлатларга 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади. Компанияда 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.

Президентимиз бу корхонани доимий хомашё билан таъминлаш масаласига аҳамият қаратди. Бунинг учун унга ҳудуддаги боғларни бириктириш, янги боғлар ва лаборатория ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бугун давлатимиз иқтисодий сиёсатининг асосий моҳияти – маҳаллийлаштириш, рақобат, иш ўрни, даромад. Ҳар бир корхонани ташкил этишга шу нуқтаи назардан ёндашилмоқда.

Фарғона туманида ишга туширилган «Экокерама» масъулияти чекланган жамияти ҳам шундай.

Бу ерга ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёев юртимиз фойдали қазилмаларга бойлиги, лекин улар асосида тайёрланадиган материаллар катта миқдорда четдан келтирилаётганига эътибор қаратди.

Масалан, Андижон вилоятида кальцит, Самарқандда кварц, Тошкент вилоятида каолин, Қашқадарёда дала шпати ва Фарғонада доломит хомашёси бор. Лекин йилига қарийб 650 минг дона сантехника товарлари импорт қилинган.

– Шунча имконият бўла туриб, биз кимни боқяпмиз? Халқимизни боқсак бўлмайдими? – дея ҳақли савол қўйди Президент. – Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир бойлиги аҳоли жон бошига даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши керак.

«Экокерама» йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яъни, импортнинг аксарият қисми ўрнини тўлдиради. Бундан ташқари, минтақамиз давлатларида 50 миллион долларлик бозор бор. Корхона қувватини ошириб, маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилиши ҳамда энергия тежовчи технологиялар қўлланилиши сабабли «Экокерама» маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.

Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Жумладан, 11 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Ҳозирда 500 киши иш билан таъминланиб, тест режимида дастлабки буюмлар тайёрланган.

Давлатимиз раҳбари бу корхонани кластерга айлантириш, карьерлар ажратиб бериб, камида 30 йиллик хомашё захираси билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Корхонага маҳсулотларини сотишда кўмаклашиш, хусусан, қурилиш материаллари бозорларида дўконларини ташкил этиш, давлат томонидан қурилаётган объектларда бу сантехника буюмларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди. Ўз навбатида, компания раҳбариятига маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, бошқа вилоятларда ҳам шундай корхоналар очиб, янада кўп ёшларни иш билан таъминлаш тавсия қилинди.

Шу ерда Фарғона вилоятида жорий йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, енгил саноатдаги лойиҳалар самарасида пахта толасини қайта ишлаш ҳажми кескин ошади. Жорий йил якунида калава ип қайта ишлаш даражаси 56 фоизга, келгуси йили 71 фоизга етади. Илгари вилоятда жами 80 миллион долларлик пахта толаси оддий хомашё сифатида сотилган бўлса, бу йил қарийб 314 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Бу кўрсаткични 2021 йилда 540 миллионга, келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Умуман, вилоятда 2020 йилда 913 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 62 минг 375 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди.

Марғилон азалдан ҳунармандлар шаҳри бўлган. Яқинда бу ерда моҳир уста Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида Ҳунармандлар маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар томонидан 2 минг нафарга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди.

– Менинг энг катта ислоҳотим – ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилиш. Сизларнинг кўзингиздаги ишончни, умидни кўриб бахтиёр инсонман. Аёлларни қанча рози қилсак, Яратган бизга куч-қудрат, юртимизга тинчлик-осойишталик беради. Бутун дунё пандемия оқибатида катта қийинчиликка учраяпти. Ҳеч ким ишонмаганди, шу шароитда мана шундай корхоналар ишга тушира оламиз деб. Бу – Фарғонадаги ўзгаришларнинг бошланиши, қалдирғочи. Худо хоҳласа, натижаларимиз бундан ҳам юқори бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Икки қаватли марказнинг қўйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади.

Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Бу ерда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида, 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.

Ҳунарманд Иброҳимжон Султоновнинг “Исмоилжон гиламлари” корхонаси маҳсулотлари бутун дунёга машҳур. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб, мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга ҳозирдан харидор тайёр. Гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Ҳозир чеварларга 3,5 миллион сўмгача маош берилади. Марказ 600 ишчига мўлжалланган, хотин-қизларнинг қолгани касаначилик асосида уйда ўтириб меҳнат қилади.

– Ўтган йили Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида бутун дунёдан келган ҳунармандлар маҳсулотларини кўриб катта завқ олдим ва келаси йили ўзимнинг алоҳида ҳунармандлик мактабимни очаман деб ният қилгандим, – дейди Иброҳимжон Султонов. – Бу ерда Фарғонанинг қадимий ҳунарлари тарғиб қилиниши баробарида хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Марказимизда биргина атласнинг 160 дан ортиқ тури тўқилади. Бу орқали қадимий ҳунармандлик анъаналаримизни келгуси авлодларга етказиб, халқимизнинг бебаҳо маданий мероси сифатида яшаши учун замин яратамиз.

Марғилон – Фарғона водийсининг туристик манзилларидан бири. Ҳунармандлар маркази ушбу шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Осори-атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерга келиб атлас, адрас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлади, ҳам ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириб кийиб кетаверади. Марказ биносида банк шохобчаси фаолият кўрсатади, фотогалерея ташкил этилган.

Марказда ҳафтанинг муайян кунида миллий матолардан тикилган либослар кўргазмалари ўтказилади. Бу билан Марғилон ҳунармандлик анъаналарини дунёга намойиш этиш, ҳам ички туризмни ривожлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун хориждан дизайнерлар жалб этилган.

Ҳозир айни пилла мавсуми. Фарғона туманида 32 мингта мавсумий ишчи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда. 4 минг 800 та доимий иш ўрни яратилган. Туманда тут кўчати етиштириш хўжаликлари, пилла қурти уруғи заводи, 5 та пиллани қайта ишлаш корхонаси, бундан ташқари, мато, тайёр кийим-кечак тикадиган ўндан ортиқ корхона бор.

– Ўзбекистонда ипак саноати корхоналари тўлиқ кластер тизимига ўтди. Яъни, озуқа базасини тайёрлашдан бошлаб пилла боқиш, ипакдан мато, тайёр кийим-кечак ва бозорбоп гиламлар тўқиш йўлга қўйилди, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. – Бу йил Фарғона вилоятида 1 минг 950 тонна пилла етиштирилади ва тайёрланган маҳсулотларнинг 90 фоизи экспорт қилинади. Вилоятда ўтган йили 5 миллион долларлик маҳсулот чет элга сотилган бўлса, бу йил 8 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бу ипак саноати корхоналарининг иқтисодиётимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Шу ерда вилоятда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари тармоқ корхоналарига ер ажратиб, иш ўринларини кўпайтириш, одамларга ҳозирги қийин шароитга иқтисодий ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз Фарғона вилоятида камбағал аҳоли билан ишлаш тизими бўйича амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди. Вазирликлар ва тижорат банклари томонидан бу борада Тошлоқ тумани мисолида лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, давлатимиз раҳбари тақдимот чоғида айрим банклар ҳамон янгича ишлашга ўтмаганини танқид қилди.

Мутасаддиларга Тошлоқ мисолида вилоятнинг барча туманларида иссиқхоналар, паррандачилик, пиллачилик, қуёнчилик кластерлари ташкил этиб, камбағал оилалар бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА