Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари Ў.Муҳамедов ва бошқалар мамлакатимизда юқори малакали, билим ва салоҳиятга эга ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Анжуманда ички ишлар тизимини малакали кадрлар билан тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди.

Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларини профессор-ўқитувчилар, соҳавий фанларни ўқитишга ихтисослашган кадрлар билан таъминлаш, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларни ўқув жараёнига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитишнинг замонавий шакл ва усуллари, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, масофадан ўқитиш тизими кенг жорий этилиб, таълим олувчилар ва ўқитувчиларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда.

Анжуманда етакчи хорижий таълим муассасалари билан тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни ўқитиш бўйича малакасини ошириш ва амалиёт ўтказиш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш энг устувор вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.

Тизимдаги олий таълим муассасалари ва ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларида кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий йўналишлари бўйича ўқув марказлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА