Хусусий корхонада 1200 иш ўрни, миллиардлаб даромад...

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги “ВБМ Текстиль Груп” МЧЖга қарашли экспортбоп тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган замонавий корхона фаолияти билан танишди.

Замонавий корхонани барпо этиш учун икки йил олдин “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски бино лойиҳа ташаббускорларига инвестиция мажбуриятлари киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилган эди. Ўтган қисқа даврда қарийб 13 йил қаровсиз ётган мазкур иншоотда йирик ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кенг, ёруғ цехлар, омборхона ва бошқа қўшимча хоналар бунёд этилди. Ишчиларнинг унумли меҳнат қилиши ва дам олиши учун зарур қулайликлар яратилди.

Италия, АҚШ, Япониянинг замонавий тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилди. Лойиҳани ишга тушириш учун 6,5 миллион доллар маблағ сарфланди. Унинг 4 миллион доллари тижорат банкининг кредит маблағидир.

Президентимиз мазкур корхона мутахассис ва тикувчилари билан суҳбатлашди.

– Авваламбор, сизларни яқинлашиб келаётган улуғ айём билан табриклайман. Бу фабрика андижонликларга ўзига хос туҳфа бўлибди. Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Бу ерда шунча хотин-қиз ишли бўлганидан жуда хурсандман. Тадбиркорларимиз жаҳон бозорларига чиқмоқда. Бу – дунёқараш ўзгариши, имкониятлар натижаси, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш орқали пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйиш, фақат тайёр маҳсулот экспорт қилиш зарурлигини қайд этди.

Таъкидлаш лозимки, лойиҳанинг ишга туширилиши билан 1200 янги иш ўрни яратилди. Корхона йилга 3,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариб, 90 фоизини хорижга экспорт қилишни режалаштирган.

Айни пайтда МДҲ давлатлари билан экспорт шартномалари мавжуд. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Европа Иттифоқи давлатлари билан қўшимча шартномалар имзоланмоқда.

Шу ерда 2020-2021 йилларда вилоятда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Хусусан, жорий йилда 954 истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида 68 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

“ВБМ Текстиль Груп” масъулияти чекланган жамияти томонидан жинси шим ишлаб чиқариш лойиҳаси шулардан бири. Қиймати 30 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 2700 янги иш ўрни яратилади.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА