Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллиги катта кўтаринкилик билан байрам қилинмоқда. Мустақил тараққиёт йилларида эришилган барча ютуқларимиз, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туб замирида Бош қомусимиз тамойиллари мужассамдир.

Байрам муносабати билан 7 декабрь куни ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали равишда гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ва кенг жамоатчилик вакиллари номидан ҳарбий оркестр садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.

Мустақиллигимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси – Конституциямиз, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарор тараққиёт муҳити, ҳамжиҳатлигимиз қут-баракаси. Бу улуғ тушунча ва қадриятлар ҳамиша эгизак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётган шу кунларда бу жиҳатлар янада сайқал топмоқда.

Халқимиз учун қадрли ва улуғ байрамларда Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали гул қўйиш маросими яхши анъанага айланган. Зеро, Мустақиллик майдони халқимиз озодлигининг, аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган ва муттасил интилиб яшаган, бугунги авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолимизнинг муқаддас рамзидир. Шу боис, бу муаззам майдон мажмуаси бизни доимо юксак марралар сари чорлаб туради.

Конституциямизнинг 25 йиллик тантаналари мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА