Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилди.
Олий суд раиси К.Комилов ва бошқалар Бош қомусимиз халқимиз қўлга киритган улкан муваффақиятлар, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёт йўлига чиқиб олишида мустаҳкам замин бўлаётганини таъкидлади. Конституцияда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини амалда тўлиқ таъминлашда суд ҳокимияти муҳим ўрин тутаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда янги босқични бошлаб берди.
Ўтган даврда судьяларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, судьяларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида уларнинг иш ҳақи бир неча баробар оширилди. Соҳа вакиллари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинди.
Жамиятда адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигига эришишда судья ва суд ходимлари зиммасига юксак масъулият юкланган. Ушбу мақсад йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган ходимлар меҳнати давлатимиз томонидан доимо юксак қадрланмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Президентимиз фармони билан бир гуруҳ судьялар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда ана шу мукофотлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.