Ўзбекистон Республикаси Конституцияси адолат, инсонпарварлик ғоялари уфуриб турган Бош қомусимиздир. У Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида ишлаб чиқилаётган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий негизи ҳисобланади. Шу боис Конституция бахтимиз қомуси, дея таърифланади. Уни пухта ўрганиш орқали ўз ҳуқуқ ва бурчларимизни англаб етамиз.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқларимиз ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлиги замирида Бош қомусимизда белгилаб берилган қоида ва ҳақ-ҳуқуқларнинг ўрни беқиёс.

Буюк саркарда – Соҳибқирон Амир Темур асос солган муаззам давлат адолат тамойилларига асосланганлиги билан етти иқлимга донғи кетган бўлса, орадан олти аср ўтиб ҳақ ва халқпарвар ғоялар билан суғорилган Конституциямиз янги давлатимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” номли маърузасида “Биз “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз. Бу борада ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун, аввало, маҳалла имкониятларидан кенг фойдаланиш, профилактика инспекторларининг иши самараси ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чораларини кўришимиз даркор”, дея таъкидлаган эди.

Ана шу фикрларга теранроқ назар ташлаб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган даври мобайнида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилсак, давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Конституциямиз қабул қилинган сана муносабати билан айтган сўзларининг амалдаги ифодасини кўрамиз.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши билан миллий давлатчилигимиз тарихида илк маротаба маҳалла конституциявий институт мақомига эга бўлди. Асосий қонунимизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилишини белгиловчи норма мустаҳкамланган.

Шунингдек, 105-моддада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари кўрсатиб берилган. Унга биноан, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раис (оқсоқол)ни ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Бундан ташқари, ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланиши қайд этилган.

Мазкур конституциявий нормалар 1993 йил 2 сентябрда илк марта қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунда ривожлантирилган бўлиб, унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий мақоми, фуқаролар йиғинини шакллантириш ва чақириш тартиби, улар фаолиятининг иқтисодий ва молиявий асослари, ваколатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмаси ва ишини ташкил этиш тартиби белгиланди. Айтиш керакки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги нормалар бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топди.

Ўтган давр мобайнида Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқий меъёрларга асосан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирларда қабул қилинди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига оид элликдан зиёд қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишида ҳам Конституция асосий пойдевор вазифасини ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февраль куни қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қадриятлар бешиги саналмиш маҳаллаларнинг ролини янада кучайтириш, уларнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу ҳужжат мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг замонавий талаблари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни кўзда тутади.

Энг муҳими, фармонда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва юксак самарадорлик билан ҳаётга татбиқ этилиши, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллаларнинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланишини таъминлайди.

Фармонда Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсад қилинган.

Фармондаги ушбу сўзлар билан Конституциямиз ғоялари ҳамоҳангдир. Зотан, Бош қомусимиз тузилиши ва мазмунига кўра, мустақиллик ғояси билан суғорилганлиги, халқчиллиги ва демократик тамойиллар устуворлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, унда миллийлик ва умуминсонийлик принципларига ҳам ниҳоятда нозиклик билан ёндашилганлигини кўрсатади.

Конституциямиз барча моддаларида инсон ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилганлиги билан ҳам халқимизнинг энг севимли ҳаётий асари сифатида ардоқлидир.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги катта тантана қилинади. Йигирма беш йил тарих силсиласи олдида кўз очиб-юмгунчалик қисқа фурсат. Бироқ ана шу ўтган давр мобайнида Бош қомусимизда белгиланган меъёрларга таянилган ҳолда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганини бугун ҳар қадамда кўриш, кузатиш мумкин.

Доно халқимиз ўз эрки, озодлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари ифодаланган ҳамда инсон шаънини олий даражага кўтарган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг улуғворлигини аллақачон англаб етган. Конституцияни кимдир бахтимиз қомуси, деб таърифласа, яна биров беназир ҳуқуқий қадрият, дея баҳоламоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Конституциямизни “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” номли асарида ҳақли равишда “халқчил қомус”, деб атаган эди. Ҳақ гап. Асосий қонунимизнинг устуворлиги хусусида сўз кетганда, аввало, унда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий мақомга кўтарилганини таъкидлаш лозим.

Муқаддиманинг дастлабки сатрларидаёқ, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларига содиқлик тантанали равишда эълон қилинган. Уммон тубидан излаб топилган ноёб дуру жавоҳир киши эътиборини қанчалик тортса, муқаддимада қайд этилган ҳар бир фикр ҳам ана шундай таъсирга эга. Хусусан, Бош қомусимизнинг ҳозирги ва келгуси авлодлар олдидаги юксак масъулият ва миллий давлатчилик ривожининг тарихий тажрибаси асосида, демократия ҳамда ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилиш, юртдошларимиз муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани ҳар бир юртдошимизга юксак ишонч ва Ватанга муҳаббат туйғусини бағишлайди.

Мухтасар айтганда, буюк келажакни кўзлаган улуғ элнинг халқчил қомуси – Конституциямизда белгилаб берилган меъёрларни ўзимиз учун дастуриламал қилсак, фаолиятимизда қўллаб, унга риоя этсак, янада улкан мақсадларга эришамиз.

Зафар Рўзиев,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
Республика кенгаши раисининг
ўринбосари, юридик фанлари доктори.

 

ЎзА