Пойтахтимизда И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилганига ўн йил тўлгани муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори А.Максименко ва бошқалар Ўзбекистонда умумэътироф этилган жаҳон стандартлари ва ўқув дастурлари асосида турли соҳаларда, хусусан, мамлакатнинг нефть-газ ва нефть-кимё тармоғи учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

2007 йил мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур таълим даргоҳида ўн йил давомида кўплаб етук мутахассислар тайёрланди. Айни вақтда ушбу масканда 730 нафардан кўпроқ талаба таълим олмоқда.

Мазкур олий ўқув юрти янгича фикрловчи, халқаро талабларга мос олий маълумотли малакали кадрларни етказиб бермоқда. Битирувчилар соҳага ихтисослашган йирик компанияларда меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан мамлакатимиз нефть-газ тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қўшган катта ҳиссаси учун И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Тадбирда юксак мукофот Россиянинг етакчи олий таълим муассасаси байроғига қадаб қўйилди.

– Ўзбекистон олий таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишларни қўллаб-қувватлаймиз, – дейди И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг проректори Владимир Кошелев. – Тошкентдаги филиалимиз ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиб, бу ерда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ҳам катта салоҳиятга эга. Шу боис келгусида филиал фаолиятини янада кенгайтириш, янги йўналишлар очиш мўлжалланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, куни кеча университетнинг Қашқадарё минтақавий бўлими очилди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил этилди.

– Бўлим энг замонавий техника ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланган, – дейди «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Зуҳриддин Аброров. – Ушбу замонавий ўқув маскани учун мазкур ҳудуд танлаб олинганлиги бежиз эмас. Қашқадарё вилоятида нефть ва газ конлари кўп ва доимо юқори малакали мутахассисларга катта эҳтиёж мавжуд.

Тадбир доирасида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Маросимда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Султонов сўзга чиқди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА