Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари А.Икромов ва бошқалар Бош қомусимиз мустақиллигимизни мустаҳкамлашда асосий ҳуқуқий асос экани, унда бизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланганини таъкидлади. Шу билан бирга, Конституциямизда фуқароларнинг мажбуриятлари, жумладан, Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчи белгиланган.

Қуролли Кучлар фахрийлари номидан сўзга чиққан тиббиёт хизматининг истеъфодаги подполковниги, шоир Искандар Раҳмон Ватан ва Конституцияга бағишланган шеърларидан ўқиди.

– Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимиз тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда, – деди эсдалик нишони билан тақдирланган истеъфодаги полковник Олег Син. – Мамлакатимизда шаклланган халқлар дўстлиги Ўзбекистонимизнинг улкан ютуқларидан бўлиб, у туфайли халқимиз келажакка қатъий ишонч билан қарамоқда. Истеъфога чиққанимдан сўнг ҳам бўлажак Ватан ҳимоячиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган камтарона ҳиссам юксак баҳоланганидан хурсандман.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари иштирокидаги байрам концерти маросим иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.

 

Аблай Камолов, ЎзА