Талабаларга ўқиш қачон бошланади? Карантин туфайли берилган таътил сабаб ёзда таътил берилмайдими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Тадбирда вазир ўринбосари коронавирус инфекцияси профилактикаси муносабати билан олий таълим муассасаларида таътил берилиши сабабли фуқаролар томонидан берилаётган саволларга жавоб қайтарди.
Брифингда берилган саволлар ва уларга берилган жавобларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати тақдим этди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин:
САВОЛ: Олий таълим муассасаларидаги тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар карантин муносабати билан контракт пулини тўлашга улгурмаган бўлса, уларга муддат узайтириладими?
– 2019/2020 ўқув йилида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга жорий ўқув йилининг биринчи ярми учун контракт пулини 2020 йил 20 мартга қадар тўлашга рухсат берилган эди. Яъни ушбу муддатга қадар контракт тўлаган абитуриент талабаликка қабул қилинади, акс ҳолда талаба бўла олмайди.
Ўзи шундоқ ҳам бу муддат истисно тариқасида 2019 йил сентябрь ойидан бери мунтазам равишда дарсларга қатнаб турган, айрим сабабларга кўра контракт пулини 2019 йил 31 декабргача тўлай олмаган абитуриентлар учун имконият сифатида берилган эди. Ҳозиргача 20 мартга қадар тўлай олмаганлик ва муддатни узайтириш ҳақида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади.
Агар 1 курслардан шундай мурожаат бўлган тақдирда, ушбу масала Давлат қабул комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
Талабаликка қабул қилиниб, биринчи семестрни якунлаган 1-босқич ҳамда бошқа барча босқичлардаги талабаларнинг контракт пулини тўлаш муддатлари олий таълим муассасасининг ректори рухсати асосида амалга оширилади.
Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сонли Қарорига мувофиқ, олий таълим муассасалари ректорларига тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатларини узайтириш ваколати берилган.
Карантин тугаганидан кейин олий таълим муассасалари раҳбарларига тавсия қиламиз улар контракт тўлаш муддатини узайтириш бўйича ўзларининг қарорларини қабул қиладилар.
Контракт масаласида муаммо бўлмайди. Ҳар йили ҳам турли сабабларга ўз вақтида тўлай олмаганларга шароит яратиб берилган. Бу йилги ҳолатда қачон ва қандай тартибда тўлов давом эттирилиши мумкинлиги юзасидан навбатдан ташқари таътил тамомланганидан сўнг албатта хабар берамиз.
САВОЛ: Укам Европадаги олий ўқув юртларидан бирида таълим олиш учун грант ютиб олган, ҳужжатларини тайёрлаб апрель ойининг бошларида кетиши керак, лекин ҳозирги коронавирус карантини сабаб таълим олиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетиш имкониятлари борми?
– Бу ва шу каби саволларга бир хил жавоб айтиш мумкин. Аввало, бироз сабр қилиш керак. Чунки биз ўша вақт – апрель ойининг биринчи ўн кунлигига қадар авиақатновлар бошлаш ёки бошламаслигини билмаймиз.
Бу ҳолда фуқаро ўша ўзи ўқимоқчи бўлган таълим муассасаси билан Интернет алоқаси орқали боғланиб, вазиятни аниқлаши керак. Асосан улар бу масалада аниқ, тўғри ва асосли жавоб бера олади. Балки улар ўқиш муддатини кейинроққа кўчириши мумкин. Чунки Европанинг деярли барча давлатларида карантин ва айримларида ҳатто фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Аммо ҳозирда Ўзбекистондан чиқиб кетиш имкониятингиз мавжуд эмаслигини ҳам маълум қиламиз. Чунки йўловчи ташийдиган барча халқаро авиақатновлар тўлиқ тўхтатилган.
Қолаверса, бу масала фақат Ўзбекистон билан боғлиқ иш эмас. Бу ҳозир глобал даражадаги масала бўлиб турибди.
САВОЛ: Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўз юртларига чиқиб кета оладиларми?
– Хорижлик талабалар ва фуқаролар ўзларининг юртларига чиқиб кетишлари учун ҳеч қандай тақиқ ва тўсиқ мавжуд эмас. Ўрнатилган тартибда ўзларининг юртларига чиқиб кетишлари мумкин.
Муаммо шундаки, жуда кўплаб мамлакатлар ҳатто ўзларининг фуқароларини ҳам мамлакат ичкарисига қабул қилишга ўзларининг талаблари мавжуд.
Мақсад оддий: фуқаролар коронавирус инфекциясининг давлатлараро ташувчисига айланиб қолишларининг олдини олишдан иборат, холос.
Хорижлик талабалар ўз юртига жўнаб кетгунга қадар ётоқхонада қолса бўладими, чиқариб юборилмайдими?
– Ўзининг доимий яшаш жойига чиқиб кетиш имкониятига эга бўлмаган хорижлик талабалар учун олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларидан жой ажратилган. Уларга зарур бўладиган барча шароитлар яратиб берилган.
САВОЛ: Германияга грант ютиб олганман, у ерга диплом нусхасини июль ойининг охиригача топшириш керак. Агар топширмаса грант куйиб кетади. Карантин туфайли қолдирилган дарслар кейинчалик диплом ҳимояси ва диплом олиш вақтларига таъсир қиладими?
– Маълумки, ҳозирда барча талабалар таътилда. Шундай бўлса ҳам дарсларни он-лайн маърузалар ва мустақил таълимга мўлжалланган электрон ресурслар асосида ўзлаштириш имкониятини яратганмиз.
Қолдирилган дарсларни ўзлаштириш бўйича тегишли чоралар кўрилади, диплом ишини ҳимоя қилиш учун ҳам ташкилий чоралар белгиланади.
Гарчи муддатлар узайтирилса, шуни ҳам айтиш керакки, нафақат Германия, балки бошқа давлатлардаги таълим муассасалари ҳам ушбу ҳолатни инобатга олишга қаратилган қарорлар қабул қилади деб ўйлаймиз.
САВОЛ : Коронавирус туфайли қолдирилган дарслар ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари нима бўлади?
– Биринчидан, шуни айтиш керакки, дарслар ҳаммаси ҳам қолдирилаётгани йўқ. Биз олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқув дастурларимиздаги мавзуларни онлайн ўтказиб бориш тизимини йўлга қўйдик.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таътил вақтида талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида Телеграм ижтимоий тармоғида ҳам @eduuz_online лойиҳасини йўлга қўйди.
Мазкур лойиҳа орқали мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг энг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган видео маърузалар ушбу каналга мунтазам жойлаштириб борилади.
Менинг юртим (MY5) телеканалида ҳафтанинг душанбадан жума кунига қадар соат 10-30 дан 12-00 га қадар олий таълим муассасалари талабалари учун Психология ва инглиз тили фанларидан маъруза машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.
Маълумки, олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари одатда август ойида ўтказилади. Ўша вақтга келиб вазият барқарорлашади деган умиддамиз.
САВОЛ : Карантин даврида магистратура ва бакалавриат босқичи талабаларига стипендия тўланадими?
– Талабалар учун тўлаб бериладиган стипендиялар аввалги ҳолатида давом этаверади. Фақат тўлов турида ўзгариш бўлиши мумкин. Яъни кимдир ҳозиргача стипендиясини нақд пул кўринишида олиб келган бўлса, таътилда эканини инобатга олиб, уларнинг розилиги асосида пластик картасига тўлақонли тушириб берилади.
Стипендия тўлашда ҳаммага бир хил қаралади: бакалаврлар, магистратура, таянч докторантура ва докторантура босқичларида ўқиётганларнинг барчаси белгиланган тартибда стипендияларини олишда давом этадилар. Яъни стипендияли ва стипендиясиз контракт асосида ўқиётганига қаралади.
САВОЛ : ОТМ ўқитувчиларининг барчаси меҳнат таътилига чиқишлари мумкинми? Карантин даврида уларга ҳақ тўланадими?
– 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчи ва ходимларининг аксарият қисми белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилади, қолган ходимларнинг фаолияти максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
САВОЛ : Талабаларга ўқиш қачон бошланади? Карантин туфайли берилган таътил сабаб ёзда таътил берилмайдими?
– Талабаларга ўқиш бугунги кундаги коронавирус инфекцияси хавфи пасайиб, дарс ўтиш ва жамоавий тадбирларни ўтказишга доир хавф-хатарлар бартараф этилганидан кейин бошланади. Бу жараён албатта оммавий ахборот воситалари орқали тегишли вазирлик ва идоралар томонидан эълон қилинади.
Карантин сабаб ёздаги таътил муддати қисқариши табиий, унинг муддати карантин сабабли берилган таътилнинг қанчалик давом этишига боғлиқ.
Ҳозир навбатдан ташқари таътил неча кунга чўзилишидан қатъий назар, биз талабаларга масофавий ва мустақил таълим олиш орқали ўқув дастурларини ўзлаштиришларига имконият яратиб бераяпмиз.
САВОЛ: Сиртқи таълимдагилар, қайта тайёрлаш ва малака оширишдагиларга ҳам таътил бериладими? Апрель ойида бизда дарслар бошланиши керак эди?
– Таътил барчага тегишли. Нафақат кундузги ёки сиртқи таълимдаги, балки қайта тайёрлаш ва малака оширишда ўқиётган ва ўқиши лозим бўлганларга ҳам тегишли.
Апрель ойида карантиннинг давом этиш ёки этмаслиги ҳозирча бизга номаълум. Шунинг учун апрелга қадар вазиятга қараб яна қўшимча хабар бериб борилади.
Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида масофавий таълим тўлиқ жорий этилган, сиртқи таълим учун ҳам етарли электрон ресурслар мавжуд.

 

ЎзА