Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “”Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти ҳисобидан Корея тажрибаси асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муассислигида давлат таълим муассасаси шаклидаги Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази ташкил этилади.

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

касбий малакани баҳолаш ва тасдиқлаш, ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, муҳандис-усталар, педагог кадрлар ҳамда таълим фаолиятига бевосита алоқадор бошқа раҳбар-ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

профессионал стандартларни ишлаб чиқишда уларни хорижий ташкилотлар ҳамда илмий ҳамжамиятлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали такомиллаштириб бориш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича мутахассислар тайёрлашга доир ўқув-услубий қўлланмалар ва илмий адабиётлар яратиш.

Марказ Корея тажрибаси асосида миллий малакани баҳолаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимига оид қонунчилик ҳужжатлари асосида касбий малакани баҳолаш, тасдиқлаш ва малака паспортларини бериш фаолиятини амалга оширади.

Бунда Марказ қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ белгиланган тартибда аккредитациядан ўтади ва ўз фаолиятини ташкил этади.

Марказ фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

2024 йил 1 июндан бошлаб:

“Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталарини мақоми профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштирилади ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади;

хорижий мутахассисларга бажарилган ишлар учун тўланадиган тўлов миқдори уларнинг малакаси, тажрибаси ва уларга юкланадиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан белгиланади;

хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олишга консуллик йиғимлари ҳамда яшаш жойида рўйхатга олинганлик учун ундириладиган давлат божи “Ишга марҳамат” мономарказлари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

2024 йил 30 декабрга қадар ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқититилади ҳамда уларнинг камида 5 минг нафарига касбий малака даражасини тасдиқлаш орқали малака паспортларига эга бўлишади.

ЎзА