Бугунги кунда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни чет элга тартибли ва хавфсиз жўнатиш бўйича муайян ишлар қилиняпти. 24 та миллий ва хорижий ташувчилар томонидан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 37 та йўналиш бўйича 196 та автобус қатнови йўлга қўйилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида 2 та янги ҳалқаро йўналиш фаолияти ташкил қилинди. Шу билан бирга, жорий йил давомида 10 та янги ҳалқаро автобус йўналишлари очилиши режалаштирилган.

Бу ҳақда транспорт вазири И.Маҳкамов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қайд этди. Унда вазирнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали чет давлатларга етиб боришида шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Ахборотда келтирилишича, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда авиация хизматларини кўрсатувчи 15 та резидент авиакомпания ташкил этилди. Халқаро йўналишларда Ўзбекистон авиаташувлар бозорида хизмат кўрсатувчи хорижий авиакомпаниялар сони 41 тага етди. Йиллик парвозлар сони 45 мингдан 85 мингга, йиллик авиайўловчи оқими 4,6 миллиондан 10,4 миллионга оширилди.

Жумладан, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳафталик авиақатновлар частотаси 14 тадан 78 тага, Ўзбекистон ва Сеул ўртасидаги ҳафталик авиақатновлар эса 10 тадан 14 тага етказилди.

Мажлисда депутатлар халқаро йўловчи ташишни амалга оширадиган, маҳаллий автотранспорт компанияларини ташкил этишни рағбатлантириш ҳамда уларни лицензиялаш шартлари мақбуллаштирилиш, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда, халқаро автобус рейсларини ташкил қилиш учун ҳудудларда автотранспорт ташкилотлари ва автовокзалларни ташкил этиш лозимлигини қайд этдилар.

Муҳокамаларда сўз олган депутат Анвархон Темирхонов авиация чипталари нархлари сунъий оширилиши, фуқароларимиз қўшни мамлакатлардан парвоз қилиши ҳақида тўхталди:

— Президентимизнинг тегишли қарорида авиачипталар нархларини арзонлаштириш масалалари назарда тутилган. Аммо нархлар борасида аниқ тўхтам йўқ. Нархларни рақамлаштиришда чипталар онлайн эълон қилиняпти, лекин нархини сунъий ошириш ҳолатлари бор. Иккинчи масала: Европа давлатларига чиқишда фуқароларимиз кўпинча қўшни мамлакатлардан бориб учишади. Ўзбекистон авиацияси билан хорижий авиация нархларида катта фарқ бор. Фуқаролар бу масала бўйича кўп мурожаат қилишади. Нархлар борасида аниқ ечимлар борми?

— Илгари авиация соҳасида битта компания фаолият олиб борар эди. Ҳозирда нафақат Ўзбекистон ва хорижий давлатлар, балки мамлакатимизнинг ўзида яна қўшимча авиациякомпаниялар бор. Улар нарх борасида ўзаро келишиб ишламайди. Нархни сунъий ошириш имкони йўқ, дастур бор, ўзи белгилайди. Талабдан келиб чиқиб, кун кам қолгани сари нархлар ошади. Бу дунё тажрибасида ҳам худди шундай. Ҳар бир йўналишда бир нечта авиакомпания хизмат кўрсатмоқда.

Қўшни давлатлардан парвозлар бўйича қараб турмаймиз. Уларнинг нархларини ҳар доим мониторинг қилиб борамиз. Президентимиз томонидан қатъий талаб қўйилганки, фуқароларимиз Ўзбекистондан парвоз қилишини таъминлаш мақсадида нархларни арзонлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир жиҳатга эътибор бериш зарур. Хорижга бориш учун олдинроқ ҳаракат қилиш керак. Масалан, 2 ой олдин олинган чипта билан 15 кун олдин олинган чиптанинг нархларида фарқ бўлади, — деб жавоб берди вазир.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА