Мамлакатимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш, кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди.

Бугунги кунда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Тошкент давлат стоматология институти томонидан илк маротаба ташкил этилган «Марказий Осиё халқаро стоматологик кўргазма»си ҳам ушбу имкониятлардан биридир.

Унда 21 давлатдан 100 дан ортиқ инновацион брендлар тақдимоти ўтказилди. Тақдимотлар давомида маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар томонидан В2В учрашувлар, оммабоп материалларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш истиқболлари, 3D ва сунъий интеллект технологиялардан фойдаланиш технологиялари муҳокама этилмоқда.

Шунингдек, кўргазма доирасида Стоматология факультети талабалари учун «Буюк ипак йўли» олимпиадаси ўтказилиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон тиббиёт олий таълим муассасаларидан 100 га яқин талаба 6 йўналишда беллашди.

Шу билан бир қаторда, ёш олимлар ва талабалар учун «Рақамли стоматология» илмий-амалий форуми уюштирилди.

Форумда Швейцария, Италия, Туркия, Россия, Словакия, Хорватия каби давлатлардан келган 30 дан ортиқ ҳамкорлар соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, янги даволаш ва ташхислаш усулларини татбиқ этиш бўйича маърузалар билан иштирок этмоқда.

«Марказий Осиё халқаро стоматологик кўргазма»си ва унинг доирасидаги «Рақамли стоматология» илмий-амалий форуми эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Моҳигул Қосимова, ЎзА