Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида самарали меҳнат қилган ёши улуғ нуронийларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг тажрибасини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан “Уч авлод учрашуви” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, партиянинг “Фахрийлар Кенгаши” ва “Ёшлар қаноти” аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари масъул ходимлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни “Инсон қадри учун” тамойилининг аҳамиятига қаратилар экан, бунда, албатта, ёши улуғларимизнинг ҳаётий тажрибаси ёшлар тарбиясида алоҳида ўрин эгаллайди. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, “Фахрийлар Кенгаши” аъзолари ва фаоллари билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурига кексалар, нафақадаги инсонлар, ўзгалар парваришига муҳтож қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги таклиф ва ғояларини эшитишдан иборат.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов партия кенгашлари билан депутатлар бирлашмаларининг ҳамкорликдаги фаолиятига тўхталди.

Ҳозирда, мамлакатимизда кекса нуронийлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароитлар ва имкониятлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, кексаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати ва даражасини ошириш, ёлғиз қолган кексаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш, уларга кўрсатилаётган моддий ёрдамни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар, бу фаолият доирасида партия ташкилотлари ва депутатларнинг ўрни, партиянинг ўтган давр мобайнида кексалар ва пенсионерлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслари юзасидан фикрлар билдирилди.

Учрашувда ёшлар ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек “Фахрийлар Кенгаши” аъзолари томонидан партия сафига қабул қилинган ёшларга гувоҳномалар топширилди.

Тадбир давомида партия ғояларини аҳоли орасида тарғиб этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган фахрийлар, фаол аъзолар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раисининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.