Хабарингиз бор, мамлакатимизда тажриба тариқасида давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилмоқда. Хўш, бу суғуртадан фуқаролар қандай фойдаланса бўлади? Бунинг учун фуқаролардан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Оддий қилиб айтганда, тиббий суғурта «маълум бир маблағ эвазига сени сақлаймиз (даволаймиз), кафолатланган тиббий хизмат кўрсатамиз», деган маънода тушунилади.

Юртимизда жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимида аҳоли давлат тиббий суғуртаси учун бадал пули тўламайди, яъни чиқимдор бўлмайди. Аксинча, аҳоли саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанади. Бунда давлат тиббий ёрдам олиш қоидаларини белгилайди ва ҳар бир босқичда кафолатланган ҳажмдаги тиббий хизматнинг бепуллигини кафолатлайди.

Давлат тиббий суғуртаси тизимидан фойдаланиш учун аҳоли бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктирилади. Бунда бирламчи мурожаатни улар паспорт ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан амалга оширади.

Шу ўринда бир маълумот, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси жорий йилнинг 3 май куни қатор тиббиёт ташкилотларига 23,8 млрд. сўм маблағ йўналтирди.

Шунингдек, Жамғарма томонидан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Озарбайжон давлат мажбурий тиббий суғурта агентлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Меморандум икки томонлама шериклик, самарали ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни назарда тутади. Меморандум доирасида мажбурий тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳужжат асосида томонлар тиббий ёрдам сифатини назорат қилиш, имтиёзли дори воситалари билан таъминлаш усулларини қўллаш, молиявий механизмлар, ахборот технологиялари ва мажбурий тиббий суғурта доирасидаги бошқа тадбирларни қўллаш бўйича тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли масалалар бўйича иш олиб бориш бўйича келишувга эришди.

М.Қосимова, ЎзА