Миграция жараёнларини тартибга солиш масаласи барча давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам долзарб ҳисобланади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 4 апрель куни “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилиниши мазкур соҳага алоҳида эътибор берилаётганидан далолат.

Албатта, ҳақ-ҳуқуқини таниган, ҳуқуқий саводхонлиги яхши бўлган инсон қайси юртда яшамасин ўз нонини ҳалоллаб топади, оиласини иқтисодий жиҳатдан бемалол таъминлайди.

Хорижда ишлаш, ўқиш ёки вақтинчалик яшаш учун кетган юртдошларимизни қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда тайёрлаган “Мигрантлар” лойиҳасига кўплаб юртдошларимиздан саволлар келиб тушмоқда.

Кузатувчиларимиз томонидан йўлланган “Хорижга мигрант сифатида ишлашнинг қандай қонуний талаблари бор?” деган саволга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг юридик таъминлаш бўлими бошлиғи Камола Шукурова жавоб берди.

—Хорижга чиқишда меҳнат мигранти учун қўйиладиган талаблар иш берувчилар ва иш берувчи давлатнинг қонунчилигига асосланиб белгиланади. Иш берувчилар томонидан қўйиладиган асосий талаблар бу тил билиш ва касбий малакалар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида 160 мингдан ортиқ иш ўринлари учун ваканциялар мавжуд. Бироқ, мана шу иш ўринлари учун ваканцияларда иштирок этувчи тил биладиган ва касбий малакага эга бўлган фуқароларимиз етарли эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 213-сонли қарори билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида фуқароларни тил ва касбга ўргатадиган махсус марказ ташкил этилиши белгиланди.

Ушбу марказ иш берувчилар билан ҳамкорликда иш берувчининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ишчиларни меҳнат бозорига тайёрлайди. Ушбу марказлардаги хизмат тури тўлов контракт асосида бир йилгача бўлган муддатда амалга оширилади.

Марказ очишдан асосий мақсад иш берувчиларнинг талабларини фуқароларга етказиш ва уларнинг талабларига мос равишда халқаро стандартларга тўғри келадиган меҳнат мигрантларини тайёрлашдан иборат.

Хорижда ташкилий тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларимиз тил ва касб ўрганиш мақсадида ушбу марказда ўқиш учун агентлигимизга мурожаат қилишлари мумкин.

Н.Раҳмонова, А.Алижонов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА