Жорий йилнинг 6 май куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Соймўмин Ятимов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлашга доир  барча масалаларни очиқ ва  ишончли асосда муҳокама қилди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик, ноқонуний миграция, контрабанда ва трансмиллий хусусиятдаги  бошқа  таҳдид ва  чақириқларга қарши курашиш каби  долзарб йўналишларда  ҳамкорлик қилишнинг  ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар давлатларимиз ўртасида чегаравий ҳамкорлик ва умуман, яхши қўшничилик  муносабатларини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Мулоқот давомида Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида давлат чегараларини делимитация қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси  ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш билан боғлиқ кун тартибдаги масалалар амалий тарзда кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари Қирғизистон-Тожикистон делимитацияси ва Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегаралари демаркацияси жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишувларга  эришди ушбу масалаларни  ва томонларнинг  манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш бўйича  амалий чораларни белгилаб олди.

Музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига  чегаранинг қолган ҳудудларини мувофиқлаштириш, тегишли икки томонлама шартнома тайёрлаш ва имзолаш  бўйича аниқ  топшириқлар берилди.