Марказий Европада жойлашган федерал парламентли республика – Швейцария Конфедерацияси пойтахти – Берн шаҳри. Мамлакат маъмурий жиҳатдан 23 кантон (3 таси ярим кантон)га бўлинган. 1874 йил 29 майда қабул қилинган амалдаги конституцияга жузъий ўзгаришлар киритилган.

Давлат ва ҳукумат бошлиғи – Президент Федерал мажлис томонидан Федерал кенгаш (ҳукумат) аъзолари орасидан 1 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиш ҳуқуқига эга эмас. Қонун чиқарувчи ҳокимият – икки палата (Миллий кенгаш ва Кантонлар кенгаши)ли Федерал мажлис, ижро ҳокимияти – Президент ва Федерал кенгаш.

Расмий тиллар – немис, француз, итальян ва рето-роман тиллари. Швейцария 2002 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 1899 йилдан бери 1 августда нишонланадиган, 1291 йил ташкил этилган Конфедерация куни.

Швейцарияда таълимнинг ягона тизими йўқ. Ҳар бир кантон ўз мактаб қонуни ва бошқарувига эга бўлса-да, барча кантонларда 6-7 ёшдан 15-16 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий қилинган. Асосий, бошланғич мактаб ҳар бир ҳудудда қабул қилинган тизимга қараб, 2 босқичдан иборат  7 (4+3), 8 (4+4) ёки 9 (4+5) йил давом этади. Ўрта мактаб 2 тоифали: умумтаълим ва ихтисослашган.

Мамлакатда ҳунар-техника ўқув юртлари, тижорий, маъмурий, техник, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ва бадиий мактаблар, ўқитувчилар гимназиялари мавжуд.

Цюрих, Женева, Базель, Берн университетлари, Цюрих ва Лозаннадаги федерал технология институтлари, Санкт-Галлендаги иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар мактаби каби олий ўқув юртлари рейтинги юқорилиги билан ажралиб туради.

Швейцарияда бир неча газета ва журнал – “Базель газетаси”, “Берн газетаси”, “Нигоҳ”, “Жаҳон ҳафта ичида”, “Цюрих кундалик шарҳи”, “Лозанна минбари – тонг” нашрлар немис, француз тилида чоп этилади. Шунингдек, кўплаб электрон нашрлар ҳам бор. Швейцария радиоси 1923 йилдан эшиттиришлар бера бошлаган, мунтазам телекўрсатувлар 1958 йилдан йўлга қўйилган.

Швейцария жамоат телерадиокомпанияси халқаро бўлими – “Швейцария хабарлари” (swissinfo.ch) пойтахтда жойлашган, ўн тилда ахборот узатадиган янгиликлар портали ҳисобланади. Нашр сиёсат, иқтисодиёт, маданият, фан, таълим ва тўғридан-тўғри демократия хусусида маълумотлар бериб боради. Портал тарихи 1935 йил қисқа тўлқинли эшиттириш хизматидан бошланган. 1990-йиллар ўрталарига келиб, аста-секин радио дастурларини сунъий йўлдош орқали узатиш технологияси жорий қилинган, 1999 йилдан онлайн веб-сайт орқали янгилик узатила бошланган. Швейцария хабарлари турли ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тарқалади. 2016 йил апрель ойидан бошлаб энг қизиқарли мақолалар жамланадиган ҳафталик ва кунлик бепул ахборот рисолалари тақдим этилмоқда. Ихтисослашган мавзуларда почта жўнатмалари ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 23 декабрда тан олган. 1992 йил 7 май куни икки давлат ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА