ДЕПУТАТ МИНБАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси  эълон қилинганига икки ой бўляпти. Бутун халқимиз уни катта қизиқиш ва мамнуният билан қабул қилди. Дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бошқа тилларга таржима қилиниб нашр этилмоқда. Аммо, Мурожаатномага мурожаат қилганимиз сайин унинг янги қирраларини, илгари сурилган  янги-янги ташаббус ва ғоялар, эзгу мақсадларнинг мазмун-моҳиятини, инсон тафаккурининг буюк ўзгаришларга қодирлигини исботловчи мантиқ ва фалсафани кашф этамиз.

Буни айниқса, халқ ишончига сазовор бўлган депутатлар чуқурроқ англаши, тушуниши, дахлдорлик ҳиссини туйиши, шундай ўзгаришлар жараёнида фаол  бўлишга интилиши бугунги куннинг талабидир.

2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган сайловлардан кейин, Қорақалпоғистон Республикасида Қонунчилик палатасида 8, Жўқорғи Кенгесда 85, туман ва шаҳар кенгашларида 425 нафар депутатлар ўз фаолиятини бошлади.

Жойлардаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларнинг тўлақонли ҳал этилишида аввало маҳаллий кенгаш депутатларининг роли ва ҳиссаси катта албатта. Чунки, улар аҳолига энг яқин,  одамлар орасида бевосита ва кундалик мулоқотда бўлиш имокниятига эга бўлган халқ вакилларидир.

Мурожаатномада жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш, ҳокимлар охирги 3 йилда ўзларига берилган кенг ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш масаласи илгари  сурилиб “Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун Бош вазирдан бошлаб барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот беради-ю, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?

Шунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади.” дея таъкиланди. Президентимиз томонидан ишнинг самарасини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклиф этилди. Бу аслида маҳаллий кенгашлар ва депутатлар учун жуда катта ваколат, ҳуқуқдир.

Президентимиз бошқарув тизими сифатини оширишда  “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ аниқ вазифаларни ўртага ташлади.

Хусусан, Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётганидан келиб чиқиб,  энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилиши, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилиши, ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши  таъкидланди.

Шу йилнинг 9-11 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  Давлат бошқаруви академиясида  маҳаллий Кенгашлар депутатларнинг ҳуқуқий-сиёсий ижтимоий-иқтисодий билимларини янада мустаҳкамлаш, ўз фаолиятларини тўғри ташкил этиш, аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш борасидаги кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган семинарда ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан Мурожаатноманинг мазмун моҳияти, ундан келиб чиқиб депутатлар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, бугунги депутат нафақат  Мурожаатномада белгиланган ҳар бир вазифа, балки унда келтирилган ҳар  бир атаманинг мазмун моҳиятини  чуқур англаши керак.

Жумладан, унда шахсни фаоллаштириш орқали жамиятни фаоллаштириш, ватанпарварлик, садоқат,  масъулият, “Тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади, халқ бой бўлса давлат бой бўлади”, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Шахс-жамият-давлат” учлигида инсон манфаати устуворлигини таъминлаш сиёсати мужассамлигини  теран тушуниш  лозим. Шунингдек,”Кафолатли ички ва ташқи сиёсат”,”Хавфсиз маҳалла”, кластер, илм, маърифат, рақамли технология, урбанизация, реновация, инновация, идентификатор, инонтириш, институционал салоҳият, халқ билан мулоқот, жамият ислоҳотлар ташаббускори, меритократия, рақамли билимлар, коррупция, кредит –модул тизими, стандартлар,”лойиҳалар фабрикаси”,  жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлиги, “ҳалоллик вакцинаси” каби атамалар моҳиятини англашимиз, улар ҳақидаги тасаввур,   кўникма ва билимлармизни  кенгайтириб боришимиз лозим.

Мурожаатномада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётгани таъкидланди. Бундан кўзланган мақсад  ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига, бошқача айтганда энг муҳим ғоя ва ташаббуслар, муаммолар ечимига доир таклифлар кўпроқ қуйидан чиқишига эришишдир. Қуйи қатламдаги аҳолига энг яқин  бўлган, уларнинг ҳоҳиш истакларини ўрганиш ва рўёбга чиқаришга ваколатли ҳисобланган инсонлар эса  бу-маҳаллий Кенгашлар депутатларидир.

Мурожаатномада «ижтимоий тадбиркорлик» атамаси  қўлланилди. Маълумотларга кўра, ижтимоий тадбиркорлик – ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес бўлиб, бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади ижтимоий фойдалилик ҳисобланиб, унга кўра корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Шу билан бирга, мазкур корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлади. Ижтимоий корхона – хусусий ташкилот ҳисобланади, шунга кўра у давлат ташкилоти бўлиши ёки давлат томонидан бошқарилиши мумкин эмас. Тарихий ва хорижий  тажрибага назар ташласак Жанубий Кореяда оммавий ишсизлик ва аҳоли турмуш даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлган 1997 йилда вужудга келган Осиё молиявий инқирози мамлакатда ижтимоий тадбиркорликнинг пайдо бўлишига туртки бўлган. Айнан ўша пайтда мамлакат раҳбарияти Кореяда деярли бўлмаган нотижорат ташкилотлар ва ижтимоий корхоналарга мурожаат этиш бўйича қарор қабул қилган. Мазкур соҳани бошидан яратишга тўғри келган.

Қисқа қилиб айтганда, ижтимоий тадбиркорликка кенг йўл очиш ишсизликка барҳам бериши мумкин. Мен сайланган ҳудуд аҳолисини қийнаётган муаммолардан энг асосийси ҳам бу-ишсизликдир. Қолаверса, бир маҳаллада кам таъминланган оилалар, ишсиз юрган ёшлар, ишлашни истайдиган ногиронлиги бўлган шахслар бор. Демак, ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, бу фаолият  йўлга қўйилса, аввало ана шундай инсонлар  рози бўлади.

Бундан ташқари,  Мурожаатномада  камбағалликни камайтириш борасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлаш бир томонлама ёндашув эканлиги таъкидланиб, бу масалани аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш орқали ҳал этиш ғояси илгари сурилди. Агар ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслигини  инобатга олсак,  бу  борадаги ишларга қуйи бўғиндаги халқ вакиллари нақадар дахлдор ва масъул эканлиги аён бўлади.

Мурожаатномада келтирилган ҳар бир фикрни, ташаббус ва ғояни шу тариқа таҳлил қилар эканмиз, унинг мазмун-моҳиятини, мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамиятини яна бир бора чуқур  англаймиз. Шунингдек, унда кўтарилган масалаларга депутат сифатида дахлдорлик ҳисса билан ёндашсак  жамият ва халқ олдидаги масъулиятимизни, ўзгариш ва янгиланишлардаги ҳиссамиз қандай бўлиши кераклигини тушуниб етамиз. Тушуниб ва чуқур англаган ҳолда бажарилган иш эса самарали бўлади.

 

Назира Матяқубова,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси  депутати.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги