Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 27 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган мажлис баёни ҳамда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жорий йилда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтариш, 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмуҳаммедова, “Ёшлик” шаҳарчаси ҳокими Қ.Шоназаров, Тошкент давлат техника университети проректори М.Атамуратов ва талаба-ёшлар иштирок этди.
– Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонунларга бўлган ҳурматини кучайтириш, шунингдек, бугунги кунда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қай даражада халқ ва ёшлар манфаатига хизмат қилаётганлиги борасида суҳбатлашдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Д.Раҳимова. – Билимга чанқоқ ёшларнинг таклифларини эшитдик. Берилган саволларга атрофлича жавоб бердик. Бу эса бугунги кунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатда сўз эркинлиги ўз исботини топаётганлигининг яна бир мисолидир.
Ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир муҳокама ва мунозарага бой бўлди. Улар контракт тўлаш, ўқишни битиргандан сўнг ишга жойлашиш, турли тил тўгаракларни ташкил этиш масалаларида саволлар берди.
Тадбир сўнгида талаба-ёшлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, бу каби учрашувларни тизимли равишда ташкил этиш, ёшларни қийнаётган масалалар юзасидан сенатор ва депутатлар ҳам бирдек масъул бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА