Атроф-муҳит, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни келажак авлодга бор таровати билан етказиш фуқаролик бурчимиздир.
Бугун ноёб ўсимлик ва ҳайвонларни асраш, дарё ҳамда кўлларни тоза сақлаш, табиатга етказилаётган салбий таъсирни камайтириш энг муҳим, кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон ғарб ва шимолда Қозоғистон, шарқда Қирғизистон ва Тожикистон, жануб ва жануби ғарбда Афғонистон ва Туркманистон билан чегарадош. Мамлакатимиз ҳудуди 447.000 км2 бўлиб ғарбдан шарқ йўналишида 1.425 км, шимолдан жанубга йўналишида 930 км ясталган, бундан Қорақалпоғистон Республикаси 160.000 км2 эгаллайди.
Юртимизнинг тахминан 22.000 км ёки 4,9 фоизини сув эгаллаган. Сув захиралари тақчил ва текис тақсимланмагани мамлакатнинг аксарият жойларида сув танқислигига сабаб бўлади. Тожикистон ва Қирғизистон тоғларида бошланадиган Амударё ва Сирдарё дарёлари мамлакатимиз учун асосий сув манбаи ҳисобланади. Улар Орол денгизи ҳавзасига мансуб.
Атроф-муҳит муаммоларининг энг жиддий мисоли – бу одамлар келтириб чиқарган Орол денгизи фалокатидир. Бир вақтлар жаҳоннинг тўртинчи ўриндаги сатҳи 68.000 км бўлган шўр сув ҳавзаси, аввал унга қуйилган Амударё ва Сирдарё сувлари суғориш мақсадлари учун олина бошланиб, 1960 йиллардан бери қисқариб келмоқда. 2004 йилга келиб денгиз асл сатҳининг чорагига келиб қолди ва шўрлиги қарийб беш баробар ошганлиги туфайли унинг табиий флора ва фаунасини деярли хароб қилди.
2007 келиб у ўз асл майдонининг 10 фоизига келиб қолди ва уч алоҳида кўлга ажралиб кетди, улардан иккитаси балиқ яшаши учун ҳаддан ташқари шўр. Бир пайтлар гуркираб турган балиқчилик саноати аслида барбод бўлди, денгизнинг асл қирғоғидаги илгариги балиқчилик шаҳарлари қирғоқ ўнлаб километр кетиб қолгандан сўнг кемалар қабристонига айланди.
Асосий маҳаллий саноат – балиқчиликнинг барбод бўлиши минтақа аҳолисига ишсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар олиб келди. Қуриган денгиз тубидан шамол кўтарган туз билан чанг минтақа қишлоқ хўжалиги ва экотизимига зарар етказмоқда, ичимлик сувини ифлослаяпти ва жиддий саломатлик муаммоларни туғдирмоқда.
Мутахассислари таъкидлашича денгизнинг чекиниши маҳаллий иқлим ўрганишига олиб келмоқда. Ёз давоми қисқариб, ёз иссиқроқ ва қуруқ, қиш эса узайиб совуқроқ ва қорсиз бўлаётир. Ҳар йили тонналаб туз 800 километр масофага тарқаляпти. Орол денгизидан кўтарилган туз ва чанг бўронлари Ер атмосферасидаги заррачалар таркибини 5 фоиздан кўпга оширди. Бу эса глобал иқлим ўзгаришига жиддий таъсир кўрсатди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус Орол фожеасини олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир. Буни кейинги йилларда бу ерда амалга оширилаётган улкан ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Орол денгизининг қуриган ҳудудига саксовул уруғи қадалиб, терескен, боялич, астрагал, юлғун ва бошқа қурғоқчиликка чидамли буталар, қумда ўсувчи ўтлар ва ўсимликлар кўчатлари ўтқизилди. Олимларнинг фикрича, ана шу ўсимликлар туфайли Оролқум тубида туз-қумли қуюнлар ва бўронлар пайдо бўлмайди. Туя ва йилқи уюрлари, сигир ва қўйлар подаси пайдо бўлади. Янги тармоқ – чорвачилик йўлга қўйилади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Орол ҳудудини экологик соғломлаштириш дастури шу ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга ҳам қаратилган.
Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида улкан ишлар бажарилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 42 йил давомида ҳаммаси бўлиб 400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, 2018-2019 йиллардаги қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектарда муҳофаза ўрмонзорлари барпо этилган. Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида муҳофаза ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.
Ҳукуматимизнинг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қисқа вақтда қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, туман марказида 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, “Бозатау“ овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.
Бир пайтлар Мўйноқ балиқчилик саноати билан машҳур бўлган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш, шу орқали аҳолини барқарор даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бир сўз билан айтганда Президентимизнинг Қорақалпоғистонни, Мўйноқни ривожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлардан нафақат қорақалпоғистонликлар балки бутун ҳамжамият хурсанд бўлмоқда.
Муқаддас Уразова,
Тошкент шаҳри Сергели тумани
300-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
ЎзА