Мўйноққа баҳор келди… Бугун унинг бағрида минглаб ниҳоллар Оролнинг қумли шамолларига нозиккина новдалари билан қарши туриб, адл дарахтлар бўлиш учун бўй чўзмоқда.
Ўтган йили эккан дарахтларини соғинган ЎзМУ биология факультети талабалари қишда кун санашгани рост. Баҳор дарагини эшитибоқ, улар яна йўл тадоригига тушдилар.
Ёш биологлар устозлари ва университет раҳбариятига навбатдаги машғулотларни Мўйноқ ўқув-полигонида ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар.
Ташаббус нафақат қўллаб-қувватланди, балки Мўйноққа биологлар билан бирга ЎзМУ раҳбарияти ва бошқа кўнгиллилар ҳам Оролга бориш хоҳишини билдирдилар.
Ўзбекистон Миллий университети Биология факультетининг ташаббускор талаба ёшлари “Орол ва ёшлар” шиори остида 2019 йил март ойида Мўйноқ тумани ҳудудида салкам 1.5 гектар майдонда 14 турдан иборат 1000 донадан кўп бўлган мевали ва манзарали кўчатлардан иборат Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув-илмий полигони ташкил этган эди. Ҳозир ушбу полигонда маданий ва манзарали ўсимликларга ўз вақтида агротехник тадбирлари ўтказилиб ўсимликлар жадаллик билан ўсмоқда. Ушбу хайрли ишларнинг давоми сифатида талаба ёшлар “Орол ва ёшлар” шиори остида бу йил ҳам 10-18 март кунлари Орол ҳудудида амалга оширилаётган ишларга кўмаклашиш ҳамда экспедиция давомида ЎзМУ ўқув-илмий полигонида қўшимча кўчатлар экишни режалаштиришди. Бундан ташқари, агротехник тадбирлар ўтказиш,галофит, псаммофит ўсимликларнинг оналик плантацияларини яратиш ҳамда инновацион ишланмалар орқали Оролқумда 1 гектарли янги галофит ва псаммофит ўсимликларнинг плантациялари ҳам ушбу экспедиция доирасида амалга оширилади.
Мўйноқдаги 2-мактаб ўқувчилари ҳам ёш биологларни кутишмоқда. Аввалги сафар давомида ЎзМУ раҳбарияти ташаббуси билан Мўйноқдаги мактабларда ЎзМУ профессор -ўқитувчиларимаҳорат дарслари ўтказишди ва мактаб ЎзМУ оталиғига олинди.
Бугун соат 14:00да ёш биологларимиз поъездда Мўйноққа, Оролга яна умид дарахтларини эккани йўл оладилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
ЎзА