Қорақалпоғистонлик қирқ қиз байрам куни олча кўчатларини экди

Аввал ЎзА сайти орқали ўзларини “Қирқ қиз” деб номлаган қорақалпоғистонлик 40 нафар қизнинг Нукус шаҳрида олча дарахтларини экиш бўйича “Мен бир мевали дарахт – 2020” номли акция уюштираётганини хабар қилгандик. Кеча, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни ушбу қизлар шаҳар ўртасидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг қирғоғига олча кўчатларини ўтқазиб, акцияга старт беришди.
Мазкур ташаббус ғояси муаллифи Бахтияр Қадирбергеновнинг таъкидлашича, тадбирнинг асосий қисми 15 март куни ўтказилади. Унда 2020 киши иштирок этиши режалаштирилган. Қирқ қиз бошчилигидаги акция иштирокчилари шаҳарнинг марказий кўчалари – Аллаяр Досназаров, Ислом Каримов кўчалари ва Тўрткул гузоридаги йўл бўйларига ўзлари билан олиб келган олча кўчатларини ўтқазади.
decf8043-3652-4333-a47c-269f05247c1f.jpg
–Акцияни ўтказишдан мақсад – одамларнинг эътиборини экологик вазиятни яхшилашга қаратишдир, – дейди Б.Қадирбергенов. – Ўтган йилда шаҳарда кўплаб дарахтлар кесилиб кетди ва бунга ҳеч қандай эътибор қилинмади. Тошкентда яқинда оммавий тарзда кўп йиллик дарахтларнинг кесилиши ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозларга сабаб бўлиб, кейинчалик айбдорлар жазоланиб, воқеага нисбатан бўлган акс-садонинг натижаси кўринган эди. Бизнинг ҳам мақсадимиз дарахтлар кесилишига қаршилик кўрсатишдир. Шу орқали дарахтлар кесилишига эътирозимизни намойиш этишдир.
Нима учун айнан олча дарахтини экмоқчимиз?
Шаҳримиз ерида 90-110 смдан сўнг шўр сув чиқиб кетади. Агар олма-нок ва бошқа мевали дарахтларни экадиган бўлсак, улар 2-3 йилдан кейин томирлари шўр сувга тақалиб, ўлиб қолиш хавфи бор, чунки уларнинг томирлари пастга қараб кетади. Олча, айва дарахтларининг томирлари эса ётиғига қараб ўсади, демак олчанинг тутиб, ўсиб кетиш имконияти кўпроқ.
Олча дарахтини ҳар бир иштирокчи ўз қўллари билан экиб, парвариши ҳам ўзларининг зиммасида қолади.
Қорақалпоғистонлик қирқ нафар қизнинг айнан 8 март байрам куни ўз кўчатларини экишида ҳам рамзий маъно бор.
–Бугун байрам бўлишига қарамасдан қирқ қиз “Дўстлик” канали бўйига “Мен бир мевали дарахт – 2020” лойиҳаси бўйича ўз олча кўчатларини экди. Достонимиздаги каби қирқ қиз мевали ерни яратмоқда. Мен ҳам қирқ қиз қаторида бўлиб, шаҳримизнинг ободлигига, гўзаллигига, ҳавосининг кислород билан бойишида ўз ҳиссамни қўшаётганимдан беҳад ҳурсандман. Дарахт экиш кишига ҳузур бағишлар экан, ҳаммани 15 март куни бўлиб ўтадиган асосий тадбирда иштирок этишга чақириб қоламан” дейди акция иштирокчиси Айсанем Узақова.
e61f9000-f6f4-4c84-bf41-f524495b1dd7.jpg
Эслатиб ўтамиз, Нукусда шу каби “Тоза шаҳар” акцияси 7 март куни ҳам бўлиб ўтди ва унда минглаб ёшлардан иборат гуруҳлар шаҳарнинг турли жойларида тозалаш, ободонлаштириш ишларини олиб борди. “Тоза шаҳар” акцияси давомида 79 гектарга яқин майдон ободонлаштирилди. Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Нукус шаҳри ҳокимлиги ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида амалга оширилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА