ОРОЛ ДЕНГИЗИ — Яқин келажакда нималар рўй беради?.. Мутахассис билан суҳбат

…РОССИЯДАГИ ДАРЁ ЎЗАНИНИ БОШҚАРИБ, ОРОЛГА ОЛИБ КЕЛИШ АЙТИЛМОҚДА. БУНИНГ ИМКОНИ БОРМИ?

ОРОЛ ДЕНГИЗИНИ СУВ БИЛАН ТЎЛДИРИШ МУМКИНМИ?..

ЎТГАН ЙИЛИ ОРОЛНИНГ ҚУРИГАН ТУБИДАН СУВ ЧИҚҚАНДА УНИНГ “ҚАЙТИШИ” ҲАҚИДАГИ МИШ-МИШЛАР ЯНАДА КЎПАЙДИ. БУНИНГ ЮЗ БЕРИШ ЭҲТИМОЛИ ҚАНЧАЛИК ҲАЁТГА МОС КЕЛАДИ?

ОРОЛ ИЧИДА ЯНА БИТТА ОРОЛЧА БОР… БУ ОРОЛДА ҚАНДАЙ СИНОВЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?..

1.jpg

40 ЙИЛИДА 400 МИНГ ГЕКТАР, БИР ЙИЛДА ЭСА 500 МИНГ ГЕКТАР ЎРМОНЗОР БАРПО ЭТИЛДИ
Маълумотларга кўра, бундан 21 миллион йил аввал Орол, Каспий ва Қора денгиз ҳаммаси бир бўлиб бу уммон Тэтис деб номланган. Бугунги Устюрт кенгликлари, Қорақум, Қизилқум саҳролари ана шу улкан Тэтис уммони билан қопланган эди.
Тектоник жараёнлар сабабли Устюрт тепага кўтарилиб, Қора денгиз, Каспий, Орол денгизлари бўлиниб кетади.
Бугун эса дунё аҳли Оролни йўқолиб кетишидан хавотирда. Орол муаммоси, қум ва тузларни чекиниши учун қилинаётган изланишлар, “инкубатор” контейнерлар, хитой чўлларининг модулини кўчириб келиш каби ҳаракатлар ҳақида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори Абдушукур Ҳамзаев билан суҳбатлашдик.
 
— Оролни қуриган тубида яшил майдон барпо этиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳамманинг эътибори бу ҳудудга яшил манзилларни қайтаришга қаратилган. Биз-чи, нималар қиляпмиз?
— Орол денгизининг қуриган тубида экологик ҳолатни барқарорлаштириш нафақат юртимизда, балки бутун дунёда муҳим масалага айланди. Бугун қор йўқ, ёғингарчилик йўқ деб дод соламиз. Нега, бундай бўляпти. Орол мавжуд бўлганда олти миллион гектарда ҳар йили бир метр қалинликдаги сув атмосферага буғланиб турган.
 
Бу эса қор, ёмғир бўлиб тушган. Бугунги кунда Оролни қуриган туби 5,5 миллион гектар ер сувсиз бўлиб, ундан ҳар йили юз миллион тонналаб туз, қум атмосферага чиқиб бормоқда. Бу эса шаҳар-у қишлоқларга тушиб, аҳоли орасида турли касалликлар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида яроқли бўлган ерларнинг шўрланишига сабаб бўлмоқда.
 
2018 йилда Президентимизнинг Оролбўйига сафари давомида бир қатор топшириқлар берилди. Шу асосда аниқ чоралар ишлаб чиқдик. 2018 йил кузи ва 2019 йил баҳорида 500 минг гектар майдонда яшиллик барпо этишга эришдик.
 
Жорий йилда бу кўрсаткични 700 минг гектарга етказиш кутилмоқда. Ҳозир 650 минг гектарга етди, экиш ҳали давом этмоқда.
 
Оролда ўрмон барпо этишнинг 40 йилида 400 минг гектар ободонлаштирилган. Бир йилда эса 500 минг гектар ўрмонзор барпо этдик.
 
— Оролни “тўлдириш”, уни “ортга қайтариш” йўналишида лойиҳаларимиз борми? Аслида ҳам бунинг иложи бўладими?
— Ҳозирда бир қатор таклифлар берилиб, йўллари изланмоқда. Мисол учун сув билан тўлдириш. Бунинг иложи яқин 100 йилларда бўлмаса керак. Россиядаги дарё ўзанини бошқариб, оролга олиб келиш ҳам айтилмоқда. Бунинг учун 25 йил давомида ҳар йили 600 миллион доллар сарфлаш керак. Бунинг ҳам имкони йўқ.
 
Оролни устига сунъий булут келтириб, ёмғир ёғдириш ҳам бор эди, лекин булар гепотизага ўхшаб қоляпти. Ягона йўлимиз “яшил ҳудуд” барпо этиш бўлиб қолмоқда. Бу ишлар таваккал билан эмас, аниқ мақсад ва илмий асосланган тадқиқотлар билан қилинмоқда.
 
Оролни қуриган тубида яшил ҳудуд барпо этиш учун испаниялик олимлар билан агрофранил моддасини қўллаб ўсимлик ўсиш имкониятини ошириш тадқиқотлари олиб борилмоқда. Шунингдек, янги ўсимлик турларини келтириб, чорва учун озуқа тайёрлаш ҳам режамизда бор. Хитойлик олимлар билан чўлда олиб борган тадқиқотларини модулини кўчириб келиш, шу жараёнда Хитойдан 50 яқин ўсимликларни орол ҳудудида ўстириш бўйича тадқиқотлар олиб боряпмиз.
 
Маҳаллий шароитга мослашган саксовул, янтоқ каби ўсимликлар яхши самара бераётганда, ўзга юртдан ўсимликлар олиб келиш қанчалик самара беради? Мослашган ўсимликларни кўпроқ экиш фойдали эмасми?
 
— Маҳаллий шароитга мослашган саксовул, янтоқ кабилар яхши самара бераётганда, ўзга юртдан ўсимликлар олиб келиш қанчалик самара беради? мослашган ўсимликларни кўпроқ экиш фойдали эмасми?
— Тўғри, саксовул экиш борасида катта масштабдаги ишлар қилинмоқда. Аслида Орол тубида саксовул бўлмаган. Ўрмончилар Бухоро, Навоий чўлларидан олиб бориб, эккан эди. Асосий ишларимиз саксовулзор барпо этиш, қандим, юлғунни кўпайтириш билан бирга янги ўсимликларни ҳам синаб кўряпмиз.
 
Билсангиз, Орол ичида яна битта оролча бор. Унда 21 хилдаги манзарали ва мевали дарахт, буталар экиб синовдан ўтказилмоқда. Мақсад келажакда бу ерда мева етиштириш эмас, Оролни ўтлар билан қоплаш, чорва учун озуқа етиштириш.
 
Менимча, Оролни қайтариш имконият йўқ. Фақат яшил қоплама билан унинг қуриган тубидан салбий оқибатларни бартараф этиш мумкин. Оролнинг ўзанини қайтариш мумкин эмас. Тахминлар бор. Оролнинг суви ернинг паст баландлиги ўзгарган сари ўзгаради, деган. Орол жойлашган ҳудуд тахминан баланд рельефга эга бўлгани учун унинг суви ер ости билан Каспийига қўшилган кейинчалик географик нуқта ўзгариб, Каспий денгизи баландроқ нуқтага чиқса, сув яна Оролга қайтади, деган тахминлар бор. Буни қанчалик тўғри эканини асослаб беролмайман.
Албатта, унинг “қайтиши” ҳақидаги умид яхши.
Сайтимизни кузатишда давом этинг!
 
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори Абдушукур Ҳамзаев куни кеча шов-шув бўлган 81 дона дарахтнинг кесилиши, узоқ умр кўришда дарахтларнинг кўмаги ва экилган кўчатларнинг ҳаммаси ҳам кўкариб кетмаслигининг сабаблари ҳақидаги мулоҳазалари билан ҳам танишасиз.

 

Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА