Республика болалар ижтимоий мослашув марказида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Sen yolg’iz emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан “Бағрикенг жамият сари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. 

Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори В.Алимова, «Sen yolg’iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси директори Р.Мустаев, Исроилнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Э.Шапира ва бошқалар Ўзбекистонда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ана шу ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган мазкур тадбир имконияти чекланган болаларни жамиятга тўлиқ ва самарали жалб қилиш, ҳуқуқларини ҳимоялаш, ногиронлик муаммоларини ўрганувчи педагоглар, психологлар, шифокорлар, дефектологлар ва ота-оналарнинг ижтимоий шерикчилигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Республика болалар ижтимоий мослашув марказида боланинг руҳий-жисмоний хусусиятлари ўрганилиб, ҳар бир бола учун индивидуал комплекс иш харитаси тузилиши ва махсус машғулотлар тренинг, ўйин, даволовчи жисмоний тарбия машқларини ўзида жамлаган коррекцион реабилитацион хизматлар ёрдамида олиб борилаётгани яхши самара бераётгани қайд этилди. Бу ерда болаларнинг соғломлаштирилиши, маънавий-ахлоқий ривожланишига эришиш, жисмоний имкониятлари чекланганлиги сабабли эътибор марказидан четда қолмаслиги, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Давра суҳбатида имконияти чекланган шахслар учун қулай муҳитни яратиш соҳасида халқаро тажрибани оммалаштириш, ижтимоий ишчилар, тиббиёт ва психологик-педагогик кадрларнинг касб компетентлилигини ошириш юзасидан ва бошқа масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА