Бу йил Тахиатош ИЭСда иккита янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

2020 йилнинг 21 январь куни биринчи буғ-газ қурилмасининг газ турбинаси муваффақиятли ишга туширилди ва электр тармоққа қувват бера бошлади, деб маълум қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги вақтда буғ-газ қурилмасида бош пудратчи режасига асосан синов-созлаш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қуввати 560 МВт бўлиб, июль ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш ҳисобига йиллик 488,6 миллион куб метр ёқилғи тежалишига эришилади ва ўсиб бораётган электр энергияси истеъмолини қоплаш имконини беради.

Мазкур ИЭСнинг самарадорлиги ўртача ҳисобда 31,21 фоиздан 49,7 фоизга ошади, ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг йиллик ҳажми 3,6 миллиард кВт/с.ни ташкил қилади. Ишлаб чиқариладиган иссиқлик энергиясининг йиллик ҳажми 139 000 Гкални ташкил этади.

 

ЎзА