Бош вазир Ҳукуматнинг яқин муддат ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини тақдим этди

Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда партиянинг фаоллари, депутатлар, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, шунингдек, партиянинг ҳудудий кенгашлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси А.Ҳаитов олиб борди.
У 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда юртдошларимиз юксак сиёсий маданият ҳамда Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этганини қайд этди.
Сайловларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси муваффақиятли иштирок этди ва натижада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаб, мамлакат тарихида тўртинчи бор парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этди.
photo5265062256704597185.jpg
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ мамлакат Президентига кўриб чиқиш учун Бош вазир лавозимига номзодни тақдим этиш масаласи муҳокама қилинди.
Мажлисда сўзга чиққан партия фаоллари Л.Муратова, В.Пак, О.Отахонова, Р.Кушербаев, Д. Каттахонова ва бошқалар ушбу лавозимга 2016 йилнинг декабрь ойидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган А.Арипов номзодини кўриб чиқишни таклиф қилишди.
Сўзга чиққанлар таклиф этилаётган номзод зарурий тажрибага эга эканлигини, Ҳукумат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ва устувор вазифалар амалга оширилаётганлигини қайд этишди.
Бош вазир лавозимига номзод А.Арипов мажлис иштирокчилари эътиборига Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини тақдим этди. Давлат раҳбари томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, маъруза ва топшириқларда белгилаб берилган стратегик вазифалар дастурнинг асоси эканлиги алоҳида қайд этилди.
Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Давлат бюджети ва давлат мақсадли харажатлари 142 триллион сўмни ташкил этиб, бунда иш ҳақи, стипендия, ижтимоий нафақалар ва уларга тенглаштирилган биринчи даражали тўловларга 45 триллион 600 миллиард сўм йўналтирилди. 2019 йилда ижтимоий соҳага давлат бюджетидан 55 триллион 300 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бу жами бюджет харажатларининг 39 фоизини ташкил этди. Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида инвестиция дастури доирасида давлат бюджетидан 19 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
photo5265162273608019021.jpg
А.Арипов аҳолининг турмуш даражаси ошишида даромад солиғи ва ижтимоий тўловларнинг пасайтирилганига алоҳида тўхталиб ўтди. Давлат буюртмаси бўйича 372 мингта янги иш ўрни яратилди. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ва ижтимоий тўловлар ставкаси камайтирилгани, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиниши ҳисобига аҳоли даромади 22 фоизга ортди. Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида қишлоқ жойларида 15 мингта ва шаҳарларда 17 минг 500 та хонадонлардан иборат 403 та кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бозорда рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган ташқи савдо эркинлаштирилишини сақлаб қолиш, ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш мақсадида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳамда саноат соҳалари учун зарар ишлаб чиқариш инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунинг натижасида республиканинг ички бозорини истеъмол товарлари билан тўлдириш ва ҳамда инфляция даражасини 2021 йилда 11 фоиз, 2022 йилда 10 фоиздан паст бўлган даражада сақлаб туриш чоралари кўрилади.
Молия тизимини ислоҳ қилиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш фаолиятимизнинг кейинги муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу борада Жаҳон банкининг экспертлари билан биргаликда банк соҳасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ҳамда пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш мақсадида республикада валюта бозорини янада такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, сувнинг сифатини яхшилаш сув истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий инновацион тизимларини жорий этишни назарда тутган 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Бунда 2030 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини бугунги кундаги 69 фоиздан 91 фоизга, шаҳарлар ва туман марказларидаги оқова сув тизими таъминоти даражасини 16 фоиздан 31 фоизга етказилиши таъминланади.
Ўзбекистонда “Humo Air” авиакомпанияси ташкил этилади. Авиакомпания аввалига республика ичида, амалдагидан анча арзон нархда мунтазам авиарейсларни амалга ошириши мўлжалланган. Бу вазифа 2020 йилда амалга оширилади. Йўл-транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида Испаниядан иккита “Talgo” тезюрар ʼэлектропоезди келтирилади.
Халқ билан мулоқотни давом эттириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш, уларнинг қонуний талаб, эҳтиёж ва мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш яна бир муҳим вазифа сифатида эътироф этилди.
“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, иқтисодиётни, энг аввало, унинг базавий тармоқларини, агросаноат комплексини жадал ривожлантириш, фаол инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини камайтириш, давлат корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш, хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш ва қулай бизнес муҳитини шакллантириш, ҳудудларни, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган туманлар ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш бўйича тизимли ишлар қилинади.
Шунингдек, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ҳақи, пенсия ва аҳолининг реал даромадларини ошириш ва аҳолининг муҳтож қатлами ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, фаол ёшлар сиёсатини амалга ошириш, аёллар меҳнати ва турмуши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир.
Бош вазир лавозимига номзод мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш учун асосий эътиборни Ҳукумат аъзоларининг фаолият самарадорлиги ва натижалари бўйича шахсий масъулиятини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилишига қаратилишини қайд этди.
Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида тегишли қонунлар, ҳар бирида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи тегишли қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси, Урбанизация концепцияси ва 2020–2025 йилларда саноатни ривожлантириш концепцияси, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг ўрта муддатга мўлжалланган стратегия – “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Номзод томонидан тақдим этилган Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури йўналишлари қўллаб-қувватланди ва тасдиқланди.
Мажлис сўнгида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мамлакат Бош вазири лавозимига А.Арипов номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат) ЎзА