Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида сиёсий партиялар вакиллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ўқув ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув машғулотларида мамлакатимизда истиқлол йилларида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, халқимизнинг тинч ва фаровон турмуш кечириши учун замонавий шароит яратиш, халқаро майдонда юртимизнинг муносиб ўрин эгаллаши йўлида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар бўйича тингловчилар билим ва тушунчалари оширилади.
Ўқув машғулотлари бошланишига бағишланган тадбирда Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори, сенатор Ў.Отаниёзова ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда қонун устуворлигига эришиш, хавфсизлик ва давлат чегаралари даҳлсизлигини таъминлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Мазкур ўқувни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор мажлисидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашдир, – дейди сенатор Ў.Отаниёзова. – Шунингдек, қабул қилинаётган Президент фармон ва қарорларининг мазмун-моҳиятини сиёсий партиялар вакиллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари орқали кенг жамоатчиликка етказиш.
Ўқувнинг дастлабки машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раислари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.