“Миллий тикланиш” етакчиси А.Қодиров ва бошқалар сайловолди дебатларда масъулият билан ёндашишга чақирилди

16 ноябрда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарлари, хусусан, Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси А.Ҳаитов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси У.Иноятов, “Миллий Тикланиш” партияси Сиёсий Кенгаши раиси А.Қодиров, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров ва Ўзбекистон Экологик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Б.Алихоновлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. 
Дебатда журналистлар ва блогерлар сиёсий партия раҳбарларига берган қатор саволларига тегишли равишда жавобларни тинглашди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг нуқтаи назарига кўра, айрим сиёсий партияларнинг етакчилари берган жавоблар нохолис бўлиб, шошқалоқлик билан реал вазиятни бузиб кўрсатадиган популистик руҳда бўлгани сабабли жамоатчиликни чалғитишга хизмат қилади.
Шундай саволлардан бири “Фермерлик тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланиши конституциявий меъёрларга зидлиги тўғрисида берилган эди.
Бу саволга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси батафсил, аниқ тушунтириш берди.
Таъкидлаш керакки, қонунларининг Конституцияга мослигини белгилаш Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатига киради.
Шунингдек, “Миллий тикланиш” сиёсий партиясининг етакчиси А.Қодиров юқорида келтирилган меъёрлар Ўзбекистон Республикаси конституциясига зид келиши тўғрисида фикр билдириб, Парламент депутатларини, шу жумладан, “Миллий тикланиш” фракцияси депутатларини ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси меъёрларига зид келувчи қонунни қабул қилишганликда айбламоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Миллий тикланиш” сиёсий партияси етакчиси А.Қодиров етарли даражада далилланмаган, яъни Конституция ва бошқа аниқ меъёрий ҳужжатларга асосланмаган бундай жиддий айбловларнинг олға сурилишидан чуқур ташвишда эканини билдиради.
Шу муносабат билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ушбу масала бўйича ўзининг асосли тушунтиришларини бериш зарур, деб ҳисоблайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 апрелдаги қонунига мувофиқ, “Фермерлар тўғрисида“ ва “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида“ги қонунларга ўзгартишлар киритилиб, уларда “Фермер ва деҳқон хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир“, деб белгилаб қўйилган.
Айни вақтда ушбу меъёрлар мамлакатимизнинг асосий Қонуни меъёрларига зид эмас. Учрашувда савол муаллифи таъкидлаган меъёр Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамоат бирлашмалари тўғрисидаги XIII бобда келтирилган.
Конституциянинг 56-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалар сифатида эътироф этилади”.
Ихтиёрий аъзолик масаласи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида тартибга солинган ва қуйидагича ифодаланган:
“Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиши ихтиёрийдир”.
Бироқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланиб, ўзининг ҳуқуқий-ташкилий мақомига кўра профессионал ташкилот (касаба уюшмаси) эмас.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари меъёрларига зид келадиган меъёрлар мавжуд эмас.
Юқоридаги меъёрлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга ҳам зид эмас, чунки ушбу қонуннинг 3-моддасига биноан, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
1.JPG
Ушбу модданинг иккинчи қисмида “Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади”, деб белгиланган.
“Фермерлик тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари ўз соҳасида алоҳида қонунлар бўлгани сабабли, мазкур соҳада устуворликка эга ва шунга кўра Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни талабларига зид эмас.
Шунга ўхшаш меъёрлар етакчи хорижий мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа бир қатор мамлакатлар қонунчилигида ҳам мавжуд. Масалан, Россия Федерацияси қонунчилигида қуйидаги фаолият турлари билан, яъни, аудит, арбитраж бошқаруви, энергетик тадқиқотлар, баҳолаш фаолияти, актуарий фаолияти, молиявий ташкилотлар фаолияти, қурувчилик фаолияти, техник буюртмачилик фаолияти, давлатга тегишли ҳудудларда фаолият кўрсатиш, қурилиш ва лойиҳалаш бўйича минтақавий операторлик билан шуғулланган нодавлат нотижорат ташкилотига аъзолик мажбурийдир.
Шунга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши А.Қодиров ҳамда сайловолди дебатларининг бошқа иштирокчиларидан қуйидагиларни сўрайди: 
 
депутатларнинг, хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ва Либерал Демократик партия вакилларининг ҳамда парламентда депутатлик корпусига эга бўлган бошқа сиёсий партиялар вакилларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган популистик баёнотларга берилмаслик;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари меъёрларини ўз билганича (эркин) шарҳламасдан, бу борада ваколатли юридик ташкилот ва муассасаларга мурожаат қилиш зарур.
“Миллий тикланиш” сиёсий партияси етакчиси Алишер Қодиров Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари меъёрларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг меъёрларига мослигига шубҳа билдирса, бу тўғрида Ўзбекистон Республикасининг “Конституцион суд тўғрисида”ги қонунининг 25-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцион судига мурожаат қилиши мумкинлиги айтилади.

 

ЎзА