“Олтин куз” манзаралари рассомлар нигоҳида

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида “Олтин куз” деб номланган кўргазма очилди.
Кўргазмада 12 нафар устоз ва ёш рассомларнинг куз фаслининг ўзига хослиги, табиатнинг гўзал манзаралари акс этган асарлари намойиш этилмоқда. Тадбир очилишида таъкидланганидек, юртимизнинг бетакрор табиати, заминимизда етиштириладиган табиат неъматларини намойиш этиш билан ёшларда ватанга муҳаббат туйғуси юксалади.
Кўргазмадан жой олган асарлар алоҳида жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, бой сюжет, муаллифнинг табиатга ўзига хос қараши, эркин тафаккур ана шу омиллар сирасига киради.
Масалан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози, Қорақалпоғистон Республикаси халқ рассоми Ж.Лепесовнинг “Сувга бораётган қизлар”, “Кўчада куз”, “Октябрь ойи”, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози А.Ражабовнинг “Угам дарёси”, “Оҳалик қишлоғи”, “Самарқанд. Оҳалик қишлоғи”, М.Жаримбетовнинг “Чошгоҳ пайти”, “Туғилган ер”, ёш иқтидорли рассомлардан А.Худойбергановнинг “Қизкетган”, Т.Сулаймоновнинг “Ёмғир арафасида”, “Сариқ олтин қишлоғи”, С.Бекбаулиевнинг “Куз манзараси”, Р.Боймурзоевнинг “Этюд”, Ж.Айбатовнинг “Кўк сув қишлоғи” каби асарлар санъатсеварларда катта таассурот қолдирди.
Кўргазма бир ой давом этади.
photo5364293739457129455.jpg
photo5364293739457129456.jpg
photo5364293739457129457.jpg
photo5364293739457129458.jpg

 

Д.АБИБУЛЛАЕВ, М.ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА