Берлин шаҳрида К.Аденауэр номидаги жамғарма академиясида Германия парламенти, Федерал ташқи ишлар вазирлиги, тадқиқот ва академик доиралар, бизнес ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Ўзбекистон туб ўзгаришлар жараёнида. Ислоҳотлар сиёсати: кутилаётган натижалар ва истиқболлар» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро тадқиқотлар ахборот-таҳлил маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакилларидан иборат делегациянинг Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида ташкил этилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизматидан хабар беришларича, давра суҳбатининг асосий мақсади ГФРнинг сиёсий, эксперт ва ижтимоий доираларига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширилиш жараёни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатга доир ташаббусларини етказиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга оид таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган.

К.Аденауэр жамғармаси бошқармаси аъзоси Бетина Аденауэр Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганини ижобий баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев танлаган жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган сиёсат Германия томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар биринчи навбатда халқ манфаатларига йўналтирилгани қайд этилди. Давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, аҳолининг давлат томонидан тақдим этилаётган ахборот хизматларидан фойдаланишини енгиллаштиришга қаратилган Маъмурий ислоҳотлар концепцияси юксак баҳоланди ва қатъий қўллаб- қувватланди.

Мамлакатимизда маъмурий адлия тизимини жорий этиш, суд ҳокимиятининг эркинлиги ва мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, ички ишлар органларини профессионал хизматга айлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар мезбонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

ГФР Бундестаги депутати Кристиан Хирте Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат органлари фаолиятининг транспарентлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг жамоат ва давлат ишларини бошқариш ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати ўта муҳим эканини таъкидлади.

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунернинг таъкидлашича, Германия бизнес ҳамжамияти Жаҳон банки томонидан хорижий валюта бозорини эркинлаштириш, мулкчилик ҳуқуқларини таъминлаш, рақобат муҳитини яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича жадал иқтисодий ислоҳотлар олиб бораётган давлатлар ўнталигига киритилган Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратмоқда.

ГФР Бундестаги депутати, парламент фракцияси аъзоси доктор Йоахим Пфайфер Германия бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари, авваламбор, муқобил энергетика ва халқ хўжалиги энергия самарадорлигини ошириш каби истиқболли соҳаларини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини қайд этди.

Германиялик экспертларнинг фикрича, ўзаро муносабатларда улкан, аммо ҳали фойдаланилмаётган салоҳият мавжуд. Ўзбекистонга етакчи немис компанияларининг замонавий технологиялари ва сармояларини жалб қилиш, таълим ва кадрларни тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида яқин кооперация алоқаларини ривожлантириш ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида жорий йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган юқори даражадаги халқаро анжуманнинг якунлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Германиялик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун муҳим асос ҳисобланади.

Марказий Осиё ва Кавказ бўйича мустақил журналист ва эксперт Биргит Ветцелнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва фаол саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада янги сиёсий муҳит шаклланиб, бу бир томондан яхши қўшничилик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш, иккинчи томондан эса Ғарбий Европа мамлакатлари сайёҳлари, ишбилармонлари ва жамоатчилик вакилларининг Марказий Осиёга қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон делегацияси ташриф дастурига биноан Федерал Канцлер, Федерал Президент, Бундестаг, ташқи ишлар, иқтисодиёт ва энергетика, иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик федерал вазирликлари, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Германия ташқи сиёсат жамғармаси идораларида музокаралар ўтказди.

Музокоралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Халқаро тадқиқотлар ахборот-таҳлил маркази томонидан К.Аденауэр номидаги жамғарма, Ф.Эберт номидаги жамғарма, Кавказ ва Каспий тадқиқотлари Европа институти каби қатор нуфузли тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Ташриф якунида Ўзбекистон Республикасининг Берлин шаҳридаги элчихонасида Германия оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

 

Беҳзод Бозоров, ЎзА