Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва ишонч сиёсати туфайли Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро англашувга асосланган мутлақо янги сиёсий муҳит шакллангани таъкидланди. Минтақанинг барча мамлакатлари билан стратегик шериклик алоқалари йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, олий даражадаги тадбирлар натижасида анъанавий дўстона муносабатлар ўрнатилган мамлакатлар, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Франция, Осиё қитъаси давлатлари билан ҳамкорлик салмоқли даражада мустаҳкамланди.
Асосий ташқи иқтисодий ҳамкорлар билан ўзаро савдо ҳажми барқарор ортиб бораётгани, Марказий Осиёда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан, жумладан, парламент томонидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тузилмалар доирасида мамлакатимиз ташаббусларини илгари суришга доир вазифалар белгиланди.
Йиғилишда шу давргача амалга оширилган ишлар танқидий баҳоланди ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳамкор давлатлар билан ўзаро манфаатли мулоқотни йўлга қўйишни давом эттириш, шунингдек, икки ва кўп томонлама алоқалар доирасида миллий манфаатларни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.