Элликқалъа туманида 5 та умумий ўрта таълим мактаби фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида 5 та умумий ўрта таълим мактаби фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Фойдаланишга топширилган тумандаги “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғинидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида “Обод қишлоқ” дастури асосида 682 миллион сўмлик, “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4-умумий ўрта таълим мактабида 780 миллион сўмлик, “Қирққиз” овул фуқаролар йиғинидаги 44-умумий ўрта таълим мактабида 1 миллиард 100 миллион сўмлик, “Кичик Гулдирсин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 59-умумий ўрта таълим мактабида 780 миллион сўмлик мукаммал таъмир, “Думонқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида Инвестиция дастури асосида 1 миллиард 870 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилган.
photo5375486858022202237.jpg
photo5377742574846061176.jpg
– Тумандаги 70 та умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, – дейди Халқ таълими бўлими бош мутахассиси Ислом Султанов. – Бугун фойдаланишга топширилган 5 та умумий ўрта таълим мактабидан ташқари, “Қирққиз” овул фуқаролар йиғинидаги 16-умумий ўрта таълим мактабида Инвестиция дастури бўйича реконструкция, “Қизилқум” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 31-умумий ўрта таълим мактабида маҳаллий бюджет ҳисобидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Умумий ўрта таълим мактабларининг фойдаланишга топширилиши катта байрамга айланди. Шу ернинг ўзида мактаб ярмаркалари ташкил этилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири