Президент ташаббуси билан завод қайта тикланди

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига хорижлик инвесторлар томонидан нефт хом ашёсини етказиб беришнинг бошлангани тарихий воқеа сифатида кутиб олинди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар Президентимизнинг заводни қайта тиклаш борасидаги ташаббусидан беҳад мамнун бўлмоқда.
Завод ўз вақтида Фарғона водийсидаги нефть конларини ўзлаштириш ва минтақа давлатларига нефть маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида бунёд этилган. У ҳозирги кунда ҳам углеводород хомашёсини қайта ишлаш бўйича мамлакатимиздаги йирик мажмуалардан биридир. 475 гектар ер майдони, 52 та технологик объект унинг улкан салоҳиятидан далолат беради.
Лекин техника ва технологиялар эскиргани, ишлаб чиқариш асосан импортга боғлиқ бўлгани сабабли корхона кейинги ўн йилда ўзини оқламаётган эди. Йиллик лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тонна бўлгани ҳолда, ишлаб чиқариш бор-йўғи 30 фоизга тушиб қолганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Модернизация жараёни Индонезиянинг «Transasia Resources» компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда амалга оширилади.
3.JPG
– Компаниямиз томонидан лойиҳа доирасида 2022 йилгача камида 875 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади, –дейди инвестор вакили Музаффар Мавлонов. – Айни кунларда “Grasmo Assets PTE” хорижий корхонаси ташкил этилди. Ҳозирда заводга хомашё олиб келиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича дастлабки ишларни бошладик. Хомашё Россия, Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатлардан олиб келинмоқда. Шунингдек, асосий сармояни заводнинг қувватларини ишга тушириш ва уни модернизация қилишга йўналтиришни мақсад қилганмиз.
Ўтган йиллар давомида нефть хомашёсининг етишмаслиги натижасида кўплаб иш ўринлари қисқартирилди, баъзи бир қурилмалар фаолияти тўхтади. Мазкур заводда янги даврнинг бошланиши эса бу ерга қайноқ иш жараёнини олиб келди. Кўплаб мутахассислар ўз иш жойига қайтди. Миродил Собиржонов ҳам ана шулардан бири.
– Кўп йиллар ишлаган жойга қандайдир меҳрингиз тушиб қоларкан, – дейди М.Собиржонов. – 2014 йилда хомашё тақчиллиги боис биз меҳнат қилаётган қурилмани фаолияти тўхталиб, иш ўринларимиз қисқаргани учун бошқа жойда ишлаб келаётган эдим. Президентимизни заводга ташрифини, модернизация қилиш бўйича топшириқларини телевидение орқали кўриб, хурсанд бўлгандим. Мана ўша эзгу ишларни амалга ошириш жараёни бошланди. Мен ҳам жонажон заводимга қайтдим. Айни кунларда нефтни бирламчи қайта ишловчи қурилма модернизация қилиниб, ишга туширилди. Барчамиз заводимиздаги катта янгиланишлардан хурсандмиз.
4.JPG
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига дастлабки нефтни кириб келиши катта шодиёна сифатида нишонланди. Завод улкан янгиланишлар бўсағасида турибди. Йирик инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши эса завод мавқеини тиклаб, рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев иштирок этди.
11.JPG
13.JPG

 

М.СУЛАЙМОНОВ, М,ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА