Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда. Аммо аҳолининг моддий ва маънавий ресурсларга бўлган талаб миқдорлари ошиб бораётган бугунги замонавий дунёда ичимлик сувига эҳтиёж ҳам шу даражада ортиб, она табиат бизга сувдан оқилона фойдаланиш, уни исроф қилмаслик масаласи нақадар муҳим ва жиддий эканини уқтирмоқда.

 Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун муаммоли масалалардан бирининг ечими сифатида ичимлик сувга бўлган талабни қондириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бизнинг мазкур саволимизга Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Розимбай Сеитов қуйидагича жавоб берди.

–Тоза ичимлик суви таъминоти масаласи нафақат сал кам 1,9 миллион  киши истиқомат қиладиган Қорақалпоғистон Республикаси учун балки бутун ер юзи аҳолиси учун ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолардан ҳисобланади.

Сўнги йилларда Давлатимиз томонидан аҳолини, жумладан, экологик оғир шароитда истиқомат қилаётган Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун нақадар долзарб бўлган ичимлик суви билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилиб келинмоқда.

Хусусан, охирги 2 йил мобайнида сув таъминоти тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича Давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди.

Масалан, биргина 2018 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик сув таъминотини ривожлантиришга давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан 85,4 млрд.сўм маблағлар ажратилиб, жами 419 км сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Натижада 45 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиб, 55 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Шунингдек, 2019 йил учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 365 км узунликдаги ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 120,4 млрд.сўм ажратилди ва айни пайтда мазкур ишлар қизғин давом этмоқда.

Аҳамиятлиси, белгиланган ишлар якунланиши билан, Республикада яна         50 мингдан зиёд аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши, 31 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.

Шундан бугунги кунгача 104 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, 319 км.дан ортиқ ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилди.

Бундан ташқари, жорий йилда “Туямўйин-Нукус” минтақалараро сув қувуридан фойдаланиш бошқармаси давлат унитар корхонасининг ўз маблағлари ҳисобидан 6,9 км ичимлик сув тармоқларини таъмирлаш учун 1,7 млрд.сўм маблағлар ажратиш режалаштирилган, ҳозирги кунда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ҳар хил диаметрдаги полиэтилен қувурлар, шунингдек, “Туямўйин” ва “Кызкеткен” сув иншоотлари учун 72 та насос агрегатлари харид қилинди.

Шунинг билан бирга, алоҳида таъкидлаш жоизки, Республикамизнинг энг чекка қишлоқ жойларида ичимлик сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлар аҳолиси учун муҳим аҳамият касб этувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 апрелда “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4271-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ 172,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан 2019-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус ва Мўйноқ туманларида ичимлик сув таъминотини ривожлантириш ҳамда “Туямўйин” сув тозалаш иншоотининг            2-кўтарма насос станциясини реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида юқорида таъкидланган 6 та туманлар аҳолисининг тоза ичимлик суви таъминоти анча яхшиланиши, шунингдек, республикамиз ичимлик суви таъминоти тизимининг қувватлари бир қанча ортиши кутилмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича изчил олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар албатта, яқин келажакда ўзининг ижобий самарасини беради.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати