Президент Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 18 июль куни Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ховос тумани марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бугунги кунда Ховос шаҳарчасида 27 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Инфратузилма иншоотлари ҳам оғир аҳволга келиб қолган эди.
Президентимиз жорий йил 19 февралда вилоятга ташрифи чоғида туман марказини қайта қуриш, инфратузилмани яхшилаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Унинг ижроси доирасида 2019 йил 7 майда Вазирлар Маҳкамасининг 2 минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Ховос тумани марказини ривожлантиришга оид қарори қабул қилинди.
Айни пайтда М-39 автомобиль йўли бўйидаги ҳудудда комплекс қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жами 30 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Шундан 20 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси, 10 таси тижорат банклари иштирокида барпо этилмоқда.
Жами квартиралар сони 760 тани ташкил этади. 600 таси арзон уйлар ва 160 таси тижорат уйлари. Квартираларнинг 380 таси 2 хонали ва 380 таси 3 хоналидир. 10 та тижорат уйининг 1 қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади. Шунингдек, 150 та бир қаватли уйлар бунёд этилмоқда.Уйларни жорий йилнинг куз ойларида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Замонавий инфратузилмага эга янги турар жойлар аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаб, ҳаёт сифатини оширади.
Бунда ташқари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, мактаб, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчаларида ҳам қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Президент қурилишда ишлатилаётган материалларнинг нархи ва сифати билан қизиқди. Маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, уларнинг нархини янада тушириш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади. Урбанизация нуқтаи назаридан туман келажагини бугундан ўйлаш, зарур жойларга коммуникация тармоқлари тортиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Энди янги иш ўрни яратишга эътибор қаратишимиз керак. Токи янги уйга кўчиб ўтадиган юртдошларимиз доимий даромад манбаига эга бўлсин, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда Президентимизга Сирдарё вилояти, хусусан, Ховос туманида ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимини ривожлантириш, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Мирзаобод туманида бунёд этилаётган паррандачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва полиз экинлари мажмуаси, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида Ховос шаҳрида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳамкорликда ташкил этиладиган хизматлар, жорий йилда туманда ташкил этиладиган кичик бизнес субъектлари ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, кейинги йилларда 1 минг 164 километр сув қувурлари, 57 та сув тарқатиш станцияси ва бошқа иншоотлар қурилгани қайд этилди. Шу ва галдаги ишлар натижасида 2020 йил бошида вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиши 88 фоиздан ошади. Мирзаобод туманида бунёд этилаётган паррандачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва полиз экинлари мажмуасида минглаб янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари туман марказидаги аҳолининг турмуш шароитларини кўздан кечирди.