Яқинда Хива шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ташкилотнинг таъсис Конференциясида ҳамюртимиз шундай нуфузли лавозимга сайланди.
Тош кўтариш бўйича ўз даврида ҳар қандай йирик халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келган, мамлакатимизда спортнинг янги, антиқа тури – Баҳодирлар ўйини ва тош кўтаришни оммалаштириш ва ривожлантиришда бош-қош бўлган Воҳиджон Нажмиддинов бу соҳадаги билим ва тажрибалари билан халқаро даражадаги мутахассисларнинг ҳам ҳурматини қозонди, ишончига кирди.
Ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро турнирлардаги муносиб иштироки ҳамда кўплаб муваффақиятларга эришиши, шу билан бирга мамлакатимизда мазкур спорт тури бўйича Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларни юқори савияда ташкил эта олиши билан халқаро ташкилот эътиборига тушди.
Биргина мисол, яқинда очиқ осмон остидаги музей шаҳар – Хивадаги Ичан қалъанинг “Кўҳна Арк” майдонида Пахлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш бўйича 1-халқаро очиқ турнир ҳамда 1-Осиё очиқ чемпионати ўтказилди. Унда Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Покистон, Латвия, Россия каби жаҳоннинг йигирмага яқин мамлакатидан энг кучли полвонлар иштирок этди.
Шу каби ютуқларини инобатга олган Жаҳон Халқаро Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш федерацияси мутасаддилари Хивада ўтган халқаро турнир доирасидаги таъсис Конференцияси йиғилишида Ўзбекистон Баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш федерацияси президенти Воҳиджон Нажмиддиновни мазкур ташкилотнинг Осиё миқёсидаги федерацияси раҳбарлигига сайлашди. Ташкилотга Бош котиблик вазифаси қирғизистонлик Шамил Ягалиев зиммасига юклатилди.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА