2019 йилнинг олти ойида қўмитанинг 4 та қарори қабул қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 
Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида самарали фаолият олиб борди.
Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятига кўмаклашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида қонун ижодкорлиги, бу соҳада парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, мамлакатда демократик ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш йўналишида катта натижаларга эришди.
Қўмита қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, уларни тайёрлашда мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва кенг жамоатчилик билан муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди. Бундан ташқари, парламент, депутатлик сўрови, парламент эшитувларини ўтказиш, давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини кучайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва Давлат дастурларининг ижросини назорат қилиш ишлари амалга оширилди.
Қонунчилик палатаси фаолиятида илк маротаба ушбу қўмита Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда Адлия ва Ички ишлар вазирликларининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган тадбирлар бажарилиши юзасидан ҳисоботи эшитилди.
2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўмитанинг 4 та қарори қабул қилинди ҳамда маълумот ва ижро учун тегишли ташкилотларга юборилди.
Қўмита аъзолари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида “Парламент назорати: жавобгарликка тортиш воситаси” мавзусида ўтказилган конференцияда иштирок этди.
Конференцияда халқаро экспертлар ва хорижий давлатлар парламентлари вакиллари томонидан Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш зарурлиги ва Ўзбекистонда парламент назоратини амалга оширишнинг таъсирчан механизмлари яратилгани эътироф этилди.
Шунингдек, Женевада бўлиб ўтган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 41-сессиясида “Парламентларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўзаро муносабати: энг яхши амалиётларни аниқлаш – ҳаракатларнинг янги имконияти” мавзусидаги семинарда қўмита раиси А.Саидов махсус меҳмон сифатида иштирок этди. Семинарда Ўзбекистоннинг Парламентаризмни ривожлантириш бўйича ютуқлари, хусусан, қўмитанинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича парламент назоратини амалга ошириш бўйича яратилган махсус ҳуқуқий механизмлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Бу эса Ўзбекистон парламенти тажрибаси дунё миқёсида эътироф этилаётганидан далолат беради.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА