Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг учрашуви

Душанбе, 14 июнь. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода ва Душанбе шаҳри ҳокими Рустам Эмомали кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги Миллат саройида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланиб, тобора мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Уйғун сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли стратегик шериклик тамойиллари амалда рўёбга чиқарилаётгани қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари илгари сурилмоқда. Ҳудудлар даражасида фаол мулоқот йўлга қўйилган.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентига ОҲИЧК саммити доирасидаги тадбирларни самарали ўтказишда муваффақиятлар тилади.

1.jpg
2.jpg
3.jpg
4.jpg
5.jpg

 

ЎзА