Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва коммунал соҳаларга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
– Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40-50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар? – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги қиймати 144 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошланган.
– Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Шунинг учун бу полигонни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала, – деди давлатимиз раҳбари.
Умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни ҳам тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди
ЎзА