Президентимиз Бўка туманида 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бўка тумани давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга жорий этиш бўйича намуна қилиб олинган. Бугун ушбу ташаббуслар ижроси бўйича бошланган ишлар бўкаликлар ҳаётига том маънода янги давр руҳини олиб кирди.
Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида 280 га яқин тўгарак ташкил этилди. Бир пайтлар тўхтаб қолган маданият марказлари, кутубхоналар фаолияти тикланмоқда. Мактаблардаги тўгаракларни мусиқа асбоблари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу каби тадбирлар орқали тумандаги 10 мингга яқин ўғил-қизни санъат йўналишига қамраб олиш мақсад қилинган.
Иккинчи ташаббус асосида фарзандларимизни жисмоний чиниқтириш, спортдаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш мақсадида мактаблардаги спорт тўгараклари 35 тадан 64 тага етказилди. Маҳаллалардаги спорт майдончалари таъмирланиб, ободонлаштирилмоқда. Ровот, Катта Ровот, Навобод маҳаллаларида тадбиркорлар томонидан замонавий футбол ва волейбол майдончалари барпо этилмоқда.
Учинчи ташаббус бўйича тумандаги барча мактабларни компьютер техникаси ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Туман марказида яқинда ташкил этилган Рақамли технологиялар ўқув маркази ёшларнинг, умуман аҳолининг компьютер саводхонлигини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчи ташаббус доирасида туманда “Китоб карвони” тадбирлари ташкил этилиб, 20 мингдан зиёд бадиий китоб аҳоли, жумладан, ёшларга совға қилинди. 5 та маҳалла кутубхонаси ташкил этилди. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” танловлари ўтказилмоқда. Бунинг самарасида китобхонлар сони ортиб бормоқда.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Бўстон, Чавлисой, Рамадон, Катта Ровот маҳаллаларининг ҳар бирида 300 иш ўрнига эга 4 та тикувчилик корхонаси барпо этилди. Туман тадбиркорлари ташкил этган тикувчилик корхоналарида 1 минг 200 дан зиёд хотин-қиз ишли бўлди. Яна иккита тикувчилик цехи ишга тушиш арафасида.
Ҳунарманд аёлларга 585 нафар турмуш шароити оғир бўлган ишсиз хотин-қиз “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 452 хотин-қизга 9,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 1,3 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” биноси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари Бўстон маҳалласида бўлиб, 5 та муҳим ташаббусга ҳамоҳанг амалга оширилган ишлар билан танишди.
Бўстонда ҳам Жиззах вилоятининг Манас қишлоғи, Гагарин шаҳарчасида бўлгани каби улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди. Уйларнинг ташқи қисми таъмирланиб, томлари янгиланди, янги дарвозалар ўрнатилди. Йўлларга асфальт ётқизилди, кўча чироқлари ўрнатилди. 4,3 километр газ қувури демонтаж қилинди, 2,3 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Хонадонларга газ баллонлар тарқатилди.
Маҳалла марказидаги Ёшлар истироҳат боғида ёшлар волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси билан шуғулланади, аттракционлар, рақс майдони, интернет кафеда бўш вақтини мазмунли ўтказади. Боғда ташкил этилган Ватанпарварлик бурчаги ёшлар қалбида фидойилик, жасурлик ҳиссини улғайтиришга хизмат қилади. Маҳаллада китобхонликни оммалаштириш мақсадида 4 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган Халқ кутубхонаси ташкил этилди. Янги маҳалла биноси қад ростлади. 450 томошабинга мўлжалланган “Бўстон арена” стадиони реконструкция қилинди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансига ўтказилган стадионда барча зарур шароитлар яратилган. Бу ерда 100 дан зиёд ўқувчи-ёш футбол билан шуғулланади.
Илгари ҳудуд аҳолиси оддий ташхис учун ҳам 15 километр йўл босиб, туман марказига боришга мажбур эди. 1960 йилда қурилган 7-қишлоқ оилавий поликлиникаси мукаммал таъмирланиб, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани бу муаммога чек қўйди. 100 қатновга мўлжалланган шифо маскани бешта маҳалладаги 14 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда кундузги стационар, ижтимоий дорихона, электрон поликлиника тизими йўлга қўйилди.
Шавкат Мирзиёев поликлиникадаги шароитни кўздан кечириб, замонавий тиббий асбоб-ускуналардан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида унумли фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Маҳалла марказида ташкил этилган “Бўстон барака чеварлари” МЧЖга қарашли тикувчилик цехида 150 хотин-қиз иш билан таъминланган. Бу ерда тикилган тайёр трикотаж маҳсулотлари қўшни давлатларга экспорт қилинади.
Менинг ниятим сизларни рози қилиш, аёлларнинг чарақлаган бахтли кўзларини кўриш. Сизлар хурсанд бўлсангиз, оилаларингиз хурсанд бўлади, болаларнинг дунёқараши, маънавияти ўзгаради, деди давлатимиз раҳбари чеварлар билан суҳбатда.
Маҳалла гузарида хотин-қизларни иш билан таъминлаш дастури доирасида гўзаллик салони очилди. Бир замонлар маҳаллада боғча бўлган. Ўн йиллар ишламаган ушбу боғчага ҳам янги ҳаёт келди. Таълим-тарбия маскани қайта таъмирланиб, яқин кунларда 150 болани ўз бағрига оладиган бўлди.
Гузардаги 1978 йилда қурилган кинотеатр биноси шу кунга қадар қаровсиз ҳолда эди. Биринчи ташаббус доирасида тубдан таъмирланиб, замонавий маданият марказига айлантирилди. Бугун бу ерда 150 ўринли кинотеатр, рақс, доира, рубоб, тасвирий санъат, фортепьяно каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада маҳалладаги 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар қамраб олинди. Тўгаракларда халқ артистлари, таниқли санъаткорлар маҳорат дарсларини ўтади.
Президентимиз бу ерда санъатнинг турли йўналишидаги тўгаракларга қатнаётган ўғил-қизлар билан суҳбатлашди. Тумандаги 27-умумтаълим мактаби 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова бешта муҳим ташаббусга бағишланган шеърини ўқиб берди.
Давлатимиз раҳбари қизига яхши таълим-тарбия, ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани учун Фазилатнинг отасига автомобиль совға қилди. Ўзига эса уйида “Фазилат” номли кутубхона очиб беришини айтди. “Янги келажак ниҳоллари” ансамбли ташкил этиб, уни зарур мусиқа асбоблари, техника билан таъминлаш ҳақида топшириқ берди. Санъат сирларини ўрганаётган ёшларга совғалар улашди.
Шавкат Мирзиёев Бўстон маҳалласида бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида амалга оширилган шу каби ишлар билан танишар экан, шу пайтгача Бўкага эътибор берилмай келинганини таъкидлаб, бугун туманда, Бўстон маҳалласида қилинган ободлик ишлари кўп хайрли ишларнинг бошланиши бўлсин. Халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳар бир маҳалла маркази Бўстондаги каби обод бўлиши керак, деди.
– Узоқ йиллар Бўка туманига етарли эътибор берилмагани учун халқимиздан қарзимиз бор эди. Бугунги ўзгаришлар – раҳбарлар хоҳласа нималар қилиши мумкинлигига мисол, – деди Шавкат Мирзиёев.
Улуғбек Асроров, ЎзА