Президент Оҳангарон туманидаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди

Бугунги кунда Оҳангарон туманида 94 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар учун муносиб шароит яратиш, бандлигини таъминлаш доимий эътиборда. Туманда янги ишлаб чиқариш корхоналари қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида туманда “Building innovation” корхонаси қуриб битказилди. Энди ҳудудда яшовчи 250 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Бу ерда бир неча турдаги оддий пишиқ ғиштдан тортиб керамик блоккача ишлаб чиқарилади.
Умумий қиймати 36,1 миллион доллар бўлган корхонага Германия, Австрия, Греция, Испания, Япония каби мамлакатлардан замонавий ускуналар ўрнатилган. Йилига 112 миллион донадан зиёд турли ўлчамдаги пардозбоп ғиштлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион доллар.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати бўйича корхона Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Яна бир қулай томони корхона ишлатилаётган техника ва ускуналар энергия тежамкор. Яъни ушбу корхона бошқа муқобилларига нисбатан энергияни 10, 15 фоиз кам сарфлайди. Хомашё ҳам тумандан олинади. Шунинг учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нархи ҳам бошқаларга нисбатан арзон. Корхона мутахассислари айтишича, ишлаб чиқарилаётган пардозбоп ғиштлар узоқ йиллар ўз рангини сақлаб туради. Бу маҳсулотлардан фойдаланиш шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини янада кўркамлаштиришга хизмат қилади. Кейинги босқичда керамик блоклар, панеллар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, дунёдаги шу каби бешта йирик заводдан бирига айланади.
Президентимиз корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди. Корхона раҳбарига қурилиш материаллари турларини кўпайтириш юзасидан тавсиялар берди.
Жойларда кўплаб корхоналар қураяпмиз.Энди эътиборни сонга эмас, сифатга қаратишимиз лозим, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ерда Тошкент вилоятини ижтимоий ривожлантириш дастури, инфратузилмани яхшилаш, 2019-2022 йилларда вилоятда тўқимачилик ва тикув -трикотаж саноатини ривожлантириш, чарм, пойабзал ва жунни қайта ишлаш, “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан цемент ишлаб чиқариш каби қатор лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, Россиянинг “Евроцемент груп” холдинги билан ҳамкорликда “Оҳангаронцемент”да йиллик қуввати 3 миллион тонна бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 160 миллион доллар. Шундан 65 миллиони хориж инвестицияси. Лойиҳа амалга оширилгач, 200 та доимий иш ўрни яратилади, йилига 17 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, чарм, пойабзал ва жунни қайта ишлаш бўйича 18 та истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА