Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон Ички ишлар вазирликлари, Арманистон Полицияси делегациялари, шунингдек, Ҳамдўстлик ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бўйича бюро, МДҲ Ижроия қўмитаси ва Аксилтеррор маркази вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистонда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими жорий этилгани, жиноятларни жиловлашга қаратилган амалий чоралар туфайли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайганини қайд этди.

Қатнашчилар Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳуқуқ-тартибот, хусусан, ички ишлар органлари ва полиция хизмати ҳамкорлиги йўлга қўйилгани муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади.

Мажлисда бундай ҳамкорликни ҳар томонлама такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилиб, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлатлараро дастурни амалиётга жорий этишнинг устувор масалалари кўриб чиқилди. Биргаликда ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар ва махсус операциялар ижобий натижалар бергани қайд этилди.

Кенгаш аъзолари ички ишлар вазирликлари ва полиция ҳамкорлигига оид концепция ҳамда сўровномаларни халқаро назорат остида етказишнинг ягона тартибини муҳокама қилди ва тасдиқлади.

Томонлар Ҳамдўстлик ҳудудида ижтимоий хавфсизлик ва бароқарорликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ўзаро ҳамкорликка доир бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашди.

Мажлис анъанавий тарзда қизғин, конструктив ва ҳамфикрлилик руҳида ўтди.

17.jpg

21.jpg

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири